11:30 / 20.07.2022
5344

Тайёргарлиги кўрилмаган “маркировка”, юқори божларга дучор бўлган БФҚлар, йўқ жойдан чиқиб келган жарималар — ССПда фармацевтика муаммолари муҳокама қилинди

16 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳамда фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ва улар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ечимига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов очиб берди ва фармацевтика соҳасидаги бугунги ҳолат ҳамда ушбу йўналишдаги тадбиркорларнинг соҳадаги муаммоларини аниқлаш, таклифларини ўрганиб чиқишда янада фаол бўлишга чақирди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Мусамуҳамедов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С.Кариев, “Dori-Darmon” АЖ бошқарув раиси У.Солиҳбоева ҳамда юртимизда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи 150 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.

Қизғин муҳокама давомида соҳада мавжуд муаммолар тилга олинди ва уларнинг ечими борасида мунозаралар бўлиб ўтди. Хусусан жорий қилиниши белгиланган мажбурий маркировкага ҳануз тайёргарлик кўрилмагани, тадбиркорлар ва солиқ идоралари ўртасидаги техник ва бошқа муаммолар мавжудлиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим бўлган витаминлар ҳамда биологик фаол қўшимчалар учун юқори божлар солинганлиги ва бошқа кўплаб муаммолар муҳокама қилинди.    

Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати Ⓣ

Top