13:12 / 21.07.2022
27691

Мутахассис: «Муздай маҳсулотлар чанқоқни босмайди. Аксинча…»

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жазирамада муздек сув ёки шарбат, албатта, жоннинг роҳати. Совиткичдан олиб истеъмол қилинган серсув мева-сабзавотлар ҳам танамизга хуш ёқиши табиий. Айниқса, бундай паллаларда музқаймоқдан бош тортиш жуда қийин. 

Мутахассислар эса ёз чилласида шу каби маҳсулотлар истеъмолидан тийилиб туришни маслаҳат беришади. Бу ўринда гап фақат муздек неъматларни тановул қилиб, томоқ ёки бошқа ички аъзоларни шамоллатиб қўйишдагина эмас.

ССВ матбуот хизмати бу масалада тиббиёт фанлари доктори, профессор Дониёр Алимовнинг фикрини сўради.

— Оқсилга бой маҳсулотларни ҳазм қилиш учун организм ўзидан жуда кўп иссиқлик чиқариши керак, — дейди у. — Бу жараён тиббиётда термогенез деб аталади. 

Содда қилиб тушунтираман. Жазирамада битта музқаймоқ едингиз. Вужудингиз қизиб турибди. Энди танангиз ошқозонга тушган ўша муздай маҳсулотни ҳазм қилиши зарур. Бунинг учун, аввало, уни нормал ҳароратгача қиздириши керак.

Бу жараён эса организмни зўриқтириши баробарида, шундоқ ҳам иссиқ танада ҳарорат ошишига олиб келади. Оқибатда кучли чарчоқ ва ланжлик ҳисси юзага келади. Бош ёки юрак соҳасида оғриқлар пайдо бўлади.

Шу маънода, ёз чилласида хона ҳароратида сув ичиш ва таом истеъмол қилиш тавсия этилади. 

Баъзи маҳсулотлар буйраклар фаолияти бузилишига сабаб бўлиб, пешоб ажратиш жараёнини тезлаштиради. Бу эса организм сувсизланишига олиб келади. Тарвуз, манго, арпабодиён, селдерей, қушқўнмас шулар жумласидан.

Аччиқ қалампир таркибида капсаицин моддаси мавжуд. У танани бир муддат қиздиради. Аммо жазирама пайтида аччиқ овқат аҳволни янада ёмонлаштириши мумкин. 

Қолаверса, қалампир иссиқ пайтда танада кучли терлашни ҳосил қилади. Оқибатда организм сезиларли миқдорда сув йўқотади. 

Шундай экан, аномал иссиқ ҳароратда парҳез қилиш энг тўғри ва оқилона чора.

Top