Жаҳон | 08:55 / 21.07.2022
11082
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ Германия иқтисодиёти учун ўсиш прогнозини кескин пасайтирди

Германия ЯИМ 2022 йилда кутилган 2 фоиз ўрнига 1,2 фоизга ўсади, дея прогноз қилмоқда Халқаро валюта жамғармаси. Асосий муаммо - Россиядан газ етказиб беришнинг қисқариши. Унинг тўлиқ тўхташи рецессияга олиб келади.

Фото: Picture Alliance

Халқаро валюта жамғармаси Германия иқтисодиётининг ўсиши бўйича прогнозини кескин пасайтирди: 2022 йил охиригача ЯИМ 1,2 фоизга, 2023 йилда 0,8 фоизга ўсиши керак, дейилади ташкилотнинг 20 июль, чоршанба куни эълон қилинган ҳисоботида. Май ойида ХВЖ экспертлари йиллик ўсиш тахминан 2 фоизни ташкил этишини кутаётган эди, Германия Федерал банки эса келгуси йилда 2,4 фоизлик ўсишни кутмоқда. Таққослаш учун, пандемиядан кейинги 2021 йилда ЯИМ 2,9 фоизга ўсди.

Пессимизмнинг асосий сабаби - Россиядан газ етказиб беришнинг қисқариши, бу иқтисодий фаолликнинг жиддий пасайишига ва инфляция тезлашишига олиб келиши мумкин, дея қайд этади ХВЖ. Истеъмол нархларининг ўсиши 2022 йилда 7,7 фоизни ташкил этиши ва 2023 йилга келиб 4,8 фоизгача пасайиши кутилмоқда. 

Ҳисоботда айтилишича, Россиядан газ импорти бутунлай тўхтатилган сценарий Германия ЯИМнинг 2022 йилда 1,5 фоизга, 2023 йилда эса 2,7 фоизга қисқаришига олиб келади. 

ХВЖнинг Германия бўйича эксперти Ойя Селасун аниқлик киритишича, кўплаб ноаниқликларга қарамай, фонд немис иқтисодиёти учун ўсиш потенциалини кўрмоқда: талаб ва ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотлар қувонарли, бироқ ҳаммаси Россиянинг Украинага қарши уруши ва санкцияларга таянади. Германия экспортга жуда боғлиқ, таъминот занжирлари бузилган ва бу вазият тезда ҳал этилмайди, деб ҳисоблайди Селасун. 

ХВЖ маълумотларига кўра, уруш Германия молия секторига фақат чекланган даражада таъсир кўрсатди: банклар умуман барқарорликни намойиш этмоқда. 

Коронавирус пандемияси бошланган 2020 йилгача Германия ЯИМ кетма-кет 10 йил ўсди. 

Мавзуга оид