Жаҳон | 23:38 / 22.04.2026
3305
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳарбий стратегияни қабул қилди ва Россияни асосий таҳдид деб атади

Мудофаа концепцияси ҳарбий стратегия ва Бундесверни (Германия қуролли кучлари) ривожлантириш режасидан иборат бўлиб, унинг тузилиши ва таркибини тавсифлайди.

Фото: Matthias Balk / dpa / Global Look Press

Германия Иккинчи жаҳон урушидан кейин биринчи марта мудофаа стратегиясини қабул қилди, унда Россия Европадаги хавфсизликка асосий таҳдид сифатида тавсифланади, деб хабар берди Deutsche Welle.

«Россия қайта қуролланиш орқали НАТО билан ҳарбий қарама-қаршиликка тайёрланмоқда ва ҳарбий куч ишлатишни ўз манфаатларини илгари суришнинг қонуний воситаси деб билади», деди Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Берлинда мамлакат мудофаасининг кенг қамровли концепциясини тақдим этар экан.

Унинг сўзларига кўра, Москва Европа ва АҚШ ўртасидаги алоқани узиш орқали НАТОни йўқ қилишни мақсад қилган ва ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилмоқда.

Мудофаа концепцияси ҳарбий стратегия ва Бундесверни (Германия қуролли кучлари) ривожлантириш режасидан иборат бўлиб, унинг тузилиши ва таркибини тавсифлайди. Стратегик ҳужжатда айтилишича, Россия «НАТО мамлакатларига ҳарбий ҳужум қилиш учун шароит яратмоқда» ва ҳозирданоқ альянс аъзоларига, жумладан, Германияга қарши гибрид операцияларни амалга оширмоқда.

«Қўпорувчилик, киберҳужумлар, дезинформация кампаниялари ва жосуслик доимий таҳдидга айланди ва уларга қарши туриш ҳарбийларнинг доимий вазифасидир», деб таъкидлади Писториус.

Концепцияга кўра, ҳарбийлар сони камида 460 минг кишига етиши керак, бу эса иттифоқчилар билан биргаликда Россиянинг эҳтимолий тажовузига қарши туриш имконини беради (ҳозир Германия Қуролли Кучларида 184,3 минг жангчи бор).

Армияни ривожлантиришнинг вазифаларидан бири, шунингдек, космос ва кибермаконда ҳарбий салоҳиятни ошириш орқали душман устидан «ахборот устунлигини» таъминлашдир.

Келажакда Германия армияси узоқ масофадаги нишонларни аниқ йўқ қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлиши керак - мавжуд «Таурус»лардан ташқари, янги F-35 қирувчи самолёти учун тахминан 1 минг км масофага учадиган JASSM-ER қанотли ракеталарини сотиб олиш режалаштирилган. Шунингдек, Берлин кўп босқичли ҳаво мудофаасини ривожлантириш ниятида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид