Ўзини оқламаган лойиҳа: товушдан тез учувчи Ту-144 самолёти францияликлардан ўғирланганми?
Дунё фуқаро авиациясида икки турдаги товушдан тез учувчи йўловчи самолётлари ясалган. Улардан бири Буюк Британия ва Франция томонидан ишлаб чиқарилган «Конкорд» бўлса, иккинчиси советларнинг Ту-144 самолёти эди. Ҳар иккала самолётнинг ташқи кўриниши бир хил эди ва бу тасодиф бўлмаган.
ХХ асрнинг 50-60 йилларида бошқа транспорт турлари каби фуқаро авиацияси ҳам кескин ривожлана бошлайди. Конструкторларнинг изланишлари туфайли самолётлар анча такомиллашади. Уларда йўловчи ўрни, учиш тезлиги ошади. Янги русумдаги самолётлар тобора баландроқ уча бошлайди. Ўша пайтда самолётсозликда ҳам Ғарб давлатлари ва СССР ўзаро рақобат қиларди.
Ана шундай шароитда аввал Франция ва Буюк Британия ҳамкорлигида ташкил этилган консорциумда, кейин СССРда товушдан тез учадиган йўловчи самолётини ясаш устида ишлар бошланади. Бунгача эса товушдан тез учадиган ҳарбий самолётлар ясаб бўлинганди. Бу рақобатда СССР самолётсозлари ғалаба қозонишади ва улар дунёдаги товушдан тез учувчи йўловчи самолётини биринчи бўлиб ясаб, синовдан ўтказишади.
Товушдан тез учувчи самолётлар тарихи
Товушдан тез учувчи самолётлар яратиш устида ишлар иккинчи жаҳон уруши давом этаётган пайтда бошланади. 1947 йилда америкалик синовчи-учувчи Чак Йегер ракетали двигателлар ўрнатилган Bell X-1 самолётини товушдан тез бўлган тезликка чиқаради.
Шундан сўнг АҚШ ва СССРда товушдан тез учувчи ҳарбий самолётларнинг бир нечта тури ясалади.
Товушдан тез учувчи ҳарбий самоётларни серияли ишлаб чиқариш СССРда 1952 йилда бошланган. Бу Микоян ва Гуревич бошчилигидаги конструкторлик бюроси томонидан ясалган МиГ-17 самолёти эди.
1953 йилда АҚШда ҳам North American F-100 Super Sabre қирувчи самолёти серияли ишлаб чиқарила бошланади. Шундан сўнг товушдан тез учувчи йўловчи самолётлари устида ишлар бошланади.
1962 йилда Буюк Британия ва Франция ҳамкорликда консорциум ташкил этишади. Бу консорциум томонидан товушдан тез учувчи самолёт лойиҳаси қилинади ва унга «Конкорд» деб ном берилади.
Ғарбда товушдан тез учувчи самолётларни ясаш бўйича ишлар бошлангандан сўнг совет иттифоқида ҳам бундай турдаги самолётларни ясашга жиддий киришилади. Конструкторлар ва авиасозлар олдига нима қилиб бўлса ҳам бундай самолётларни ғарбликлардан олдин ясаш топшириғи қўйилади.
Лойиҳани амалга ошириш Туполев бошчилигидаги конструкторлик бюросига топширилади. Бунгача, Туполев ўз конструкторлари билан товушдан тез учувчи Ту-22 ҳарбий бомбардимончи самолётини ясаган ва у муваффақиятли синовдан ўтган эди.
Ту-144 самолётининг ясалиши
1963 йил 16 июлда КПСС Марказий қўмитаси «Тўртта реактив двигателга эга бўлган Ту-144 самолётларини ясаш ҳақида»ги қарорни қабул қилади.
Шундан сўнг товушдан тез учувчи йўловчи самолётларини ясаш осон иш эмаслиги ойдинлашади ва советлар франциялик авиасозларга ҳамкорлик таклиф этишади. Аммо бу амалга ошмайди.
1963 йилда СССР министрлар советининг яна бир қарори қабул қилинади. Унга кўра янги ясалаётган товушдан тез учувчи самолётнинг тезлиги соатига 2300-2700 километр бўлиши, бир марта ёқилғи қуйилганда 4000-4500 километрни учиб ўтиши, салони 80-100 йўловчи ўрнига эга бўлиши белгиланади.
1965 йилда Ту-144 самолётини ясаш ишлари бошланади. 1967 йил 11 декабрда Франция-Буюк Британия консорцуми томонидан «Конкорд» самолёти ҳақида аниқ маълумотлар берилади. Шундан сўнг совет ҳукумати конструкторларга нима қилиб бўлса ҳам Ту-144 самолётининг синов парвозини «Конкорд»нинг синов парвозидан олдин ўтказиш ҳақида топшириқ беради.
1968 йил 31 декабр куни, «Конкорд»нинг синов парвозидан икки ой аввал Ту-144нинг илк синов парвози амалга оширилади. Аммо самолёт товушдан тез бўлган тезликка чиқа олмайди.
Орадан беш ой ўтиб, 1969 йил 5 май куни Ту-144 иккинчи синов парвозини амалга оширади. Бу сафар самолёт ўз тезлигини соатига 2150 километрга етказади ва ер сатҳидан 11 000 метр баландликкача кўтарилади. 1970 йилда Ту-144 16 300 метр баландликкача чиқади.
1971 йилда Ту-144 самолётининг лойиҳаси янада мукаммаллаштирилади ва йўловчи ўрни 150 тага етказилади.
1971 йил 1 июн куни янги турдаги Ту-144 самолётининг илк синов парвози амалга оширилади. Учиш ва қўниш вақтида жуда катта тезликка эга бўлгани учун Ту-144 ўша пайтда СССРдаги 100 дан ошиқ аэропортдан бор-йўғи 18 тасига қўна олиши маълум бўлади.
Ту-144нинг илк парвози 1975 йил 26 декабр куни Москва-Олмаота йўналишида бўлган. Ўшанда у Олмаота шаҳрига почта юкларини олиб боради.
1977 йил СССР раҳбари Леонид Брежнев давлат ташрифи билан Францияга боради. Унга Frans Air авиакомпаниясига қарашли йўловчи ташиётган «Конкорд» самолётларини ҳам кўрсатишади. Брежнев Москвага қайтгач Ту-144 самолётларидан йўловчи ташишда ҳам фойдаланиш бўйича топшириқ беради.
1977 йил 1 ноябр куни Ту-144 самолёти илк марта йўловчилар билан Москва-Олмаота йўналиши бўйича парвоз қилади. Ўшанда бундай парвоз нархи оддий самолётларда учиш нархидан 50 фоизга қиммат этиб белгиланади.
Аслида Ту-144 самолётлари билан Москвадан жуда олисда жойлашган Узоқ Шарқдаги шаҳарларга учиш режа қилинади. Аммо товушдан тез учувчи самолётдаги техник муаммолар бунга йўл қўймайди.
Шундай бўлса ҳам Ту-144 бир марта Москва-Азор ороллари-Гавана йўналишида парвоз қилади. Шундан сўнг иккита Ту-144 самолёти йўловчи таший бошлайди. Аммо орадан бир йил ўтиб Ту-144 да самолёт ташиш тўхтатилади. Бунга самолёт билан содир бўлган бир нечта нохуш ҳодисалар ва ҳалокатлар сабаб бўлади.
Ту-144 билан содир бўлган нохуш ҳодиса ва ҳалокатлар
Ту-144 самолётлари билан бир нечта жиддий ҳодиса содир бўлган.
1978 йилда Москвадан учган самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли Олмаота аэропортига қўна олмайди. Экипаж самолётни Тошкентга қўндирмоқчи бўлганда бунинг ҳам иложи бўлмайди. Ту-144 яна Олмаотага қайтади.
Қозоғистон пойтахтига етганда унда ёқилғи қарийб тугаган эди. Учувчилар самолётни қулаб тушишдан сақлаб қолиш учун кўриш даражаси жуда паст бўлган шароитда уни Олмаота аэропортига қўндиришади.
1978 йилда янги Ту-144 синов парвозини амалга ошираётганда Москва вилоятида қулаб тушади.
1973 йилда Париждаги халқаро авиасалонда иштирок этаётган Ту-144 самолёти парвоз чоғида портлаб кетади.
1980 йилда синов парвози давомида Раменское аэродромидан ҳавога кўтарилган Ту-144 самолёти 16 минг метр баландликка чиққач унинг битта двигатели ишламай қолади. Учувчилар қийинчилик билан самолётни талафотсиз қўндиришга муваффақ бўлишади.
Ту-144дан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш ҳам режа қилинади. Аммо самолётни бошқариш ва учиш-қўнишдаги мураккабликлар бу режани амалга оширишга имкон бермайди.
Ту-144 самолётларини Воронеждаги авиация заводи 1968 йилдан 1984 йилгача ишлаб чиқарган. Мазкур самолётлардан жами 16 дона ишлаб чиқарилган.
Ту-144 тавсифи
Ту-144 самолётларининг:
- Узунлиги: 65,6 метр;
- Қанотлари узунлиги: 28 метр;
- Ёқилғи сарфи: соатига 39 тонна;
- Двигателлар сони: 4 та;
- Максимал учиш баландлиги: 15 000 метргача;
- Экипаж сони: 4 нафар бўлган.
Шунингдек, Ту-144 самолётларига жами 80 тонна ёқилғи сиғадиган 18 та ёқилғи идиши (бак) жойлаштирилган эди.
Ту-144 самолётларини ҳар доим Туполев бошчилигидаги конструкторлик бюроси учувчилари бошқарган. Уларни оддий учувчилар бошқара олмайди деб ҳисоблашган.
Парвозларнинг тўхтатилиши
Ту-144 самолёти йўловчи ташиш учун илк тижорий парвозни 1977 йил 1 ноябр куни бошлаган. Орадан 7 ой ўтиб, 1978 йил 1 июл куни учиш ва қўнишда хавфсизликни таъминлашнинг иложи бўлмагани учун парвозлар тўхтатилади.
1981 йилда Ту-144 самолётларининг парвозини тиклашга қарор қилишади. Илк парвоз Москва-Красноярск йўналишида белгиланади.
Учувчилар самолётни парвозга тайёрлаш учун двигателни ишга туширганда ёнғин содир бўлади. Экипаж аъзолари зудлик билан самолётни тарк этади. Шундан сўнг Ту-144 самолётларининг парвози яна бекор қилинади ва бошқа бу мавзуга қайтилмайди.
Брежнев вафотидан кейин унинг ўрнига мамлакат раҳбари бўлган Андропов Ту-144 самолётларини мукаммаллаштириш ва парвозларни қайта тиклашга мутлақо қизиқиш билдирмайди. 1983 йил июл ойида совет ҳукумати Ту-144 самолётларидан фойдаланишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.
Шундан сўнг Воронеждаги заводда ясалаётган иккита Ту-144 бўйича ишлар ҳам тўхтатилади.
Ту-144 самолётларининг кейинги тақдири
Ту-144 самолётларининг парвози тўхтатилгандан сўнг тайёр ҳолдаги 16 та самолётнинг аксарияти турли музейларга бериб юборилади.
Масалан, илк парвозни амалга оширган Ту-144 Москва вилояти Момино шаҳарчасида жойлашган Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли музейга берилади. Яна бири Қозондаги институт музейига берилади. Бир нусхаси Германиянинг Зинсхайм шаҳрида жойлашган авиация музейида «Конкорд» самолёти билан бирга сақланади.
Самолётлардан яна бири Ту-144 нинг ихтирочиси Туполев шарафига Москва вилояти Жуковский шаҳарчасига қўйилган. Яна бири шу шаҳарчадаги аэродромда сақланади.
Воронеждаги заводда охиригача битмаган Ту-144 самолётлари анча йиллар қаровсиз қолиб кетгач, кейинчалик бўлаклаб олинади.
Ту-144 самолёти лойиҳаси «Конкорд»дан ўғирланганми?
1963 йилда, франциялик конструкторлар товушдан тез учувчи йўловчи самолётининг аниқ лойиҳаларига эга бўлган пайтда советлар уларга ҳамкорлик таклиф этишади.
Совет вакиллари францияликлар билан ўн мартадан ортиқ учрашишади. Турли ҳисоботлар тайёрлаб, уларнинг тақдимотини ўтказишади. Бу орада «Аэрофлот» вакили Сергей Павловнинг Франциядаги тақдимотлардан бирида «Конкорд»нинг лойиҳа ҳужжатларини ўғирлагани ошкор бўлади ва шу билан музокаралар тўхтаб қолади.
Кейинчалик, советлар нима қилиб бўлса ҳам айнан «Конкорд»нинг лойиҳа ҳужжатларини қўлга киритиш учун бир неча франциялик конструкторлар ва авиасозлар билан учрашгани маълум бўлади.
Ту-144 самолёти илк синов парвозга тайёр бўлганда Франция ва Буюк Британия консорцуми ҳам «Конкорд»ни тайёрлаб бўлганди. Ана шунда ҳар иккала самолётнинг жуда ўхшашлиги маълум бўлади.
Айниқса, «Конкорд» ва Ту-144нинг қанотлари, фюзеляж ўлчамлари, двигателларининг жойлашуви ва учувчилар кабинаси бир хил экани маълум бўлади.
Ўша пайтда жаҳон сиёсий саҳнасида иккинчи жаҳон урушининг асосий ғолиби сифатида СССРнинг обрўси баланд, мамлакат АҚШдан кейин дунёдаги иккинчи қутб мақомига даъвогарлик қиларди. Шу сабабли, гарчи ўзлаштирилгани аниқ бўлса-да, Франция ва Буюк Британия «Конкорд»нинг лойиҳаси ўғирлангани ҳақида даъво қила олмайди.
Шундай бўлса ҳам, Ту-144 узоқ «яшамади». Улар бор-йўғи бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида йўловчи ташийди.
Умумий ҳисобда Ту-144 самолётлари «Аэрофлот» байроғи остида жами 102 та парвозни амалга оширади. Уларда 3 284 нафар йўловчи ташилади. Таққослаш учун, Конкорд бу пайтда 2,5 миллион нафар йўловчи ташиганди.
Шу тариқа, совет иттифоқи ғазнасидан миллиардлаб доллар сарфланиб ясалган Ту-144 самолётлари ўзини оқламаган лойиҳа сифатида тарихда қолди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
20:47 / 21.09.2024
Норвегиядан Испанияга учган самолёт сичқон сабаб авариявий қўнишни амалга оширди
18:55 / 14.09.2024