11:21 / 27.07.2022
5857

Россия Ўзбекистонга маймун чечагини аниқловчи тестларни топширди

Россия МДҲнинг бир қанча давлатларига маймун чечагини аниқлаш тестларини топширди.

Фото: ТАСС

Россия Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистонга «Вектор» маркази томонидан ишлаб чиқарилган маймун чечагини аниқлаш тест тизимларини топширди, деб хабар қилди Роспотребнадзор матбуот хизмати.

Аввалроқ идора «Вектор» маркази касаллик ҳолатларини аниқлаш учун тест тизимларини зудлик билан ишлаб чиққанини, уни бугунги кунда бутун Россия бўйлаб синовдан ўтказиш мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. 

«Роспотребнадзор томонидан Россия тест тизимлари Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистонга топширилди. Бундан ташқари, Роспотребнадзор мутахассислари ҳамкор давлатлардаги ҳамкасблари учун маймун чечагининг лаборатория диагностикаси бўйича махсус семинарлар ташкил қилади», — дейилади хабарда. 

Бундан олдин ЖССТ раҳбари маймун чечаги тарқалишини халқаро миқёсдаги фавқулодда вазият деб эълон қилганди.

Шифокорлар 16 мамлакатда қайд этилган 528та касаллик юқтириш ҳолатини ўрганиб чиқишган. Маълум бўлишича, касалликнинг энг кўп тарқалган симптоми баданга тошма тошиб кетишидир. 

ЖССТ маълумотларига кўра, 63 мамлакатда маймун чечаги касаллигини юқтириш билан боғлиқ 9,2 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. 

Top