Жаҳон | 10:35 / 28.07.2022
15543
3 дақиқада ўқилади

Ироқда намойишчилар парламентга бостириб киришди — фотолар

Чоршанба куни шиалар етакчиси Муқтада ас-Садранинг юзлаб тарафдорлари Бағдоддаги «Яшил ҳудуд»га бостириб киришди ва парламент биносини эгаллашди.

Фото: Reuters

Муктада ас-Садра тарафдорлари парламентга ҳужум қилиш орқали мамлакат бош вазири лавозимига Муҳаммад ас-Суданийнинг номзоди қўйилишига норозилик билдирди. Улар Суданийни Эроннинг одами деб ҳисоблайди.

27 июл куни Ироқ ўз антирекордини янгилади - 290 кундан буён тўлақонли ҳукумат йўқ. Аввалги рекорд 289 кунга тенг бўлиб, 2010 йилда қайд этилганди.

Бу вақтда бинода депутатлар бўлмаган. Фото: AHMED JALIL/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Ас-Садра бошчилигидаги «Садрчилар ҳаракати» тўққиз ой олдин, 2021 йил октябрида ўтказилган сайловларда нисбатан кўп овозларни қўлга киритган, аммо ҳамон ҳокимиятга кела олмаяпти: янги ҳукумат шакллантириш бўйича музокаралар томонларнинг муросасизлиги туфайли боши берк кўчага кириб қолган, асосан шиалар ва курдлар келиша олишмаяпти.

Парламент биноси қаттиқ қўриқланадиган «Яшил ҳудуд»да жойлашган, аммо қўриқчилар «садрчилар»ни тўхтата олмаган, Бағдоддан келган хабарларга кўра, полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув тўплари қўллаши ҳам оломоннинг йўлини тўса олмаган.

Парламентга бостириб кирилган вақтда бу ерда депутатлар бўлмаган.

Фото: Getty Images

Ҳукумат раҳбарлиги вазифасини вақтинча бажарувчи Мустафо ал-Қадимий (у тўққиз ойдан буён ўрнига янги бош вазир келишини кутмоқда) намойишчиларни бинони тарк этишга чақирган, аммо садрчилар уни эшитишмаган ва шовқин кўтариб, байроқларни ҳилпиратишган, қўшиқлар куйлашган, рақс тушишган ва кабинетлардаги столларда ётиб суратларга тушишган.

Ҳукумат шаклланмагани туфайли бу йил Ироқ бюджети тасдиқланмаган, инфратузилма лойиҳалари ва ислоҳотлар молиялаштирилмасдан қолган.

Полициячилар намойишчилар йўлини тўсишган, аммо ҳалқа ёриб ўтилган. Фото: Reuters

Муқтада ас-Садра тарафдорлари аввал ҳам, 2016 йилги тартибсизликлар чоғида парламентга бостириб киришганди.

Садрчиларни кўздан ёш сиздирувчи газ ҳам, водомётлар ҳам тўхтата олмаган. Фото: EPA

2019 йилда Ироқда бундан ҳам йирикроқ тартибсизликлар авж олган, ўшанда минглаб ёшлар коррупция, ишсизлик ва қашшоқликка қарши намойишлар уюштирганди. Ўшанда юзлаб кишилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларда ҳалок бўлган.

Мавзуга оид