Ўзбекистон | 17:57 / 23.09.2025
2347
4 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Марказий Осиё давлатларининг III парламентлараро форумида иштирок этди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Бишкек шаҳрида «Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари: минтақани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича самарали ечимлар» мавзусидаги Марказий Осиё давлатларининг III парламентлараро форумида иштирок этди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Форумнинг мақсади Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор иқтисодий ўсиш, миграция жараёнларини тартибга солиш ва рақамли муҳитни ривожлантириш борасида парламентлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.

Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари ҳам қатнашди.

Тадбирда Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, минтақада парламентлараро ҳамкорликнинг янги истиқболларига доир муҳим таклифларни илгари сурди. Давлатлар ўртасида шаклланаётган ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки маданий-гуманитар алоқаларга ҳам кучли туртки бераётгани алоҳида таъкидланди.

Кун тартиби доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ёшлар бандлиги ва миграция масалалари, шунингдек рақамли хавфсизлик ва минтақавий стандартларни ишлаб чиқиш каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.

Форум доирасида миграция, меҳнат оқими, иқтисодий барқарорлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган мавзу билан боғлиқ сессия бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ўз маърузасида Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш ва улар фаолияти учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди.

Сессия доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қуйидаги ташаббуслар ҳам билдирилди: миграция қонунчилигини уйғунлаштириш, халқаро конвенцияларни ратификация қилиш ва имплементация қилиш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва хавфсиз меҳнат миграцияси механизмларини яратиш.

Сессиялар ишида Қонунчилик палатаси депутатлари Нодира Жонибекова ва Одилжон Иминов иштирок этди. Улар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорликни ошириш, рақамли трансформация ва жадал технологик ривожланиш шароитида миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Форумда ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда сунъий интеллект cоҳасида ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, рақамли суверенитет, киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, Интернетдаги таҳдидлардан ёшларни асраш борасида қўшма ҳаракатларни кучайтиришга доир таклифлар билдирилди.

Муҳокама давомида сунъий интеллект технологияларининг давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўрни ва имкониятлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Форум якуни бўйича Марказий Осиё давлатларининг парламентлараро ҳамкорлиги ва ташаббусларининг йўналишлари белгилаб берилган Бишкек декларацияси қабул қилинди.

Шунингдек, 23 сентябр куни форум доирасида Сенат раиси Танзила Норбоева Тожикистон Олий Мажлиси раиси Рустами Имомали ва Қирғизистон Жогорку Кенеши тўроғаси Нурланбек Шакиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Тожикистон парламенти раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик юксак даражада эканини қайд этди. Яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди.

Қирғизистон Жогорку Кенеши тўроғаси билан учрашув чоғида эса икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати институтининг ролини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид