Ўзбекистон | 22:06 / 01.08.2022
12784
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қурилиши якунланмаган уйдан фойдаланишга рухсат берилди

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси (ГАСН) Нарпай туманидаги битмаган уйни қабул қилган. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига кўра, бундай ҳоллар аҳолида ортиқча оворагарчиликларни туғдирмоқда.

Уй-жой фонди инспекцияси томонидан Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги янги қурилган кўп квартирали уйнинг қурилиши якунланмагани сабабли фойдаланишга қабул қилиш рад этилган. Бироқ Самарқанд вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ушбу уйга аҳоли фойдаланиши учун ижобий хулоса берилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Қонунчиликка кўра, кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида талабларга жавоб бермаган объектлар (лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги) юзасидан Уй-жой фонди инспекциясининг салбий хулосаси инобатга олиниши керак.

Бироқ Самарқанд вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан янги уй қонунга зид тарзда фойдаланишга қабул қилингани маълум бўлди.

Расмий хабарга кўра, уй-жой фонди инспекцияси мазкур кўп қаватли уйни қуйидаги сабабларга кўра фойдаланишга қабул қилишни рад этган бўлган:

  • объектнинг қурилиш ишлари якунланмагани (фасад қисми пардозланмагани);
  • ободонлаштириш ишлари амалга оширилмагани;
  • лойиҳада кўзда тутилган болалар майдончаси мавжуд эмаслиги ва бошқа камчиликлар.

"Битмаган уйга кўчиб кирган аҳоли бу ердаги муаммоларни бартараф этиш учун эшикма-эшик кириб чиқиб чарчаши табиий. У вақтда эса қурувчи ҳам, қурувчига “криша” бўлган инспектор (ГАСН) ҳам мазза қилиб юрган бўлади. Жабрини битмаган уй олган оддий аҳоли тортади", – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, охирги уч ойда Уй-жой фонди инспекцияси пудрат ташкилотлари томонидан қуриб фойдаланишга топширилган 165 та уйдан:

  • 80 тасига ижобий хулоса берган;
  • 13 таси ўрганиш жараёнида;
  • 72 таси тўлиқлигича битказилмасдан фойдаланишга топшириш учун ариза йўллангани сабабли рад этилган. 

Мавзуга оид