Ўзбекистон | 19:12 / 18.03.2026
1873
3 дақиқада ўқилади

Нарпай туманида махсус саноат зонаси ташкил қилинади

У ерда жорий йилнинг ўзида 500 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда вилоят раҳбарияти олдида камида 9 фоизли иқтисодий ўсиш қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 144 триллион сўмдан ошириш, 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 1,2 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси тургани қайд этилди.

100 минг аҳолини доимий ишли қилиш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариб, вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Нарпай туманида 240 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ишсизлик 4,9 фоизни, камбағаллик даражаси эса 5 фоизни ташкил қилмоқда. Нарпай саноат бўйича вилоятда 9-ўринда, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасида 11-ўринда туради.

Бу кўрсаткичларни яхшилаш учун Нарпайга режа қилинган 150 миллиард сўмга қўшимча яна 100 миллиард сўм берилади. Кичик ва ўрта бизнес учун 360 миллиард сўм ресурс ажратилади.

Вилоятдаги магистрал йўлларнинг 34 километри Нарпайдан ўтгани савдо ва сервисни ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди. Лекин йўл бўйларида 10-15 та кичик сервис шохобчасидан бошқа одамларни жалб қиладиган бирорта жой йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Мирбозор чорраҳасидан кунига 60 минг транспорт ўтади. Лекин бу ердаги йўл тор бўлгани учун 2 километргача тирбандлик юзага келмоқда.

Қурилиш учун хомашё захираларининг тўртдан бири Нарпайда жойлашган бўлсада, қурилиш материали бўйича бирорта йирик корхона йўқлиги қайд этилди.

Туман саноатининг вилоятдаги улуши 2 фоиз. Ҳудудидан 36 километр темир йўл ўтган, 21 гектарли кичик саноат зоналари бўлган туманга бу кўрсаткичлар ярашмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Самарқанддаги сувли ерларнинг қарийб 10 фоизи ушбу туманга тўғри келади. Бироқ Нарпай вилоятдаги қишлоқ хўжалигининг 5 фоизини ҳам бермайди.

Туман мутасаддиларига шу ва бошқа муаммоли масалаларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб берилди.

Нарпай туманида 100 гектарда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил қилиниши эълон қилинди. У ерда жорий йилнинг ўзида 500 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла имкониятини «диагностика» қилиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш топширилди.

Шунингдек, Нарпай қулупнайчилик мактаби ташкил этилиб, тумандаги 25 та маҳалла қулупнайчиликка ихтисослаштирилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид