Жаҳон | 08:02 / 04.08.2022
14229
3 дақиқада ўқилади

Москва областидаги Ozon омборида кучли ёнғин содир бўлди

Москва областининг Истра туманида Ozon омборидаги ёнғин 10 соатдан кейин ўчирилди. Бир киши ҳалок бўлгани ва 13 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган.

Фото: vladikavkaz.ru

Москва областида 3 август, чоршанба куни Истра туманидаги Петровское қишлоғида жойлашган Ozon интернет-дўконининг омборида ёнғин содир бўлди. Ёнғин майдони 55 минг квадрат метрни ташкил этди. Ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна 13 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда ТАСС ва РИА «Новости». 

Россия ФВВ маълумотларига кўра, Ozon омборидаги ёнғин ҳақида хабар тезкор идораларга соат 12:33 да келиб тушган, дастлаб ёнғин майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этган. Соат 21:17 да ёнғин ўчирилган. Уни ўчиришга 150 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва 40 га яқин техника, жумладан, Ми-8 ва Ка-32 вертолётлари, шунингдек, ёнғинни ўчириш поезди жалб этилган, деб хабар беради идора ўз Telegram-каналида. 

Омборнинг мингдан ортиқ ходими бинолардан эвакуация қилинди. Истра шаҳар округи раҳбари Татьяна Витушеванинг сўзларига кўра, ёнғинга учинчи мураккаблик даражаси берилган. 

Ёнғиннинг асосий версиялари сифатида ўт қўйиш ва электр жиҳозларининг носозлиги кўриб чиқилмоқда, деди РИА «Новости»га фавқулодда хизматлар вакили. Тезкор хизматлардаги ТАСС манбасига кўра, ёнғин электр тармоғининг фавқулодда ишлаши, хусусан, ускунадаги қисқа туташув туфайли юзага келган, бироқ ўт қўйиш версияси ҳам истисно этилмаган. 

Москва области прокуратураси ёнғин бўйича тергов бошланганини, унинг давомида «воқеа сабаблари ва шароитлари, шунингдек, масъул шахсларнинг ҳаракатларига баҳо берилиши» ҳақида хабар қилди. 

Ozon омбори ва у ерда сақланаётган товарлар 17 миллиард рубль миқдорида суғурта қилинган бўлса, шундан 11 миллиард рублга омбор ичидаги нарсалар суғурта қилинган. 

«Шубҳасиз, бу сўнгги вақтлардаги энг катта йўқотишлардан бири, умумий зарар, ҳатто дастлабки маълумотларга кўра, 10 миллиард рублдан ортиқни ташкил қилиши мумкин, компаниялар аллақачон мижозларни баҳолашни ва улар билан ишлашни бошладилар», - дея журналистларга маълум қилди Бутунроссия суғуртачилар иттифоқи раҳбари Игорь Юргенс.

Мавзуга оид