11 мартга ўтар кечаси украин дронлари Москва шаҳри ва Москва областига ҳужум қилди. Россия пойтахти мэри Сергей Собянин телеграм-каналида хабар қилишича, эрталабки соат 8:45 га қадар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украинларнинг Москва томон учган 74 та учувчисиз учар қурилмасини уриб туширган. Мэр бу украин дронларининг Москвага энг йирик ҳужуми бўлганини айтган.
Собянин Москва жанубидаги Домодедовская кўчасида уриб туширилган дрон туфайли уйлардан бирининг томи «енгил» шикастланганини хабар қилган. Baza телеграм-канали маълумотларига кўра,Москванинг Капотня районида ҳам дрон парчалари топилган.
Москва областида дронлар ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Ҳудуд губернатори Андрей Воробёв ўз телеграм-каналида хабар қилишича, улар «Мираторг» компанияси ходимлари бўлган. Улардан бири «Мираторг»нинг Домодедово райони Ям қишлоғидаги автотураргоҳида ҳалок бўлган, яна икки киши шифохонага олиб борилганидан кейин вафот этган. РФ соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ 18 киши, жумладан, уч нафар бола жароҳатлангани ҳақида хабар қилганди. Губернаторнинг сўзларига кўра, Видное, Домодедово, Раменск шаҳарлари, Сапроново қишлоғи ва Ям қишлоғида одамлар жароҳатланган.
Ижтимоий тармоқда Видное туманидаги Сапроново қишлоғида дрон уйлардан бирининг томига қулагани акс этган видео пайдо бўлди. Шунингдек, бевосита турар жой биноси ичида олинган видеолар ҳам тарқалмоқда.

Роман Ветров / ТАСС / Profimedia
Воробёвнинг сўзларига кўра, Раменскда Шимолий шосседаги турар жой биносида камида еттита квартира шикастланган, 12 киши эвакуация қилинган.

Бундан ташқари, Воробёв областдаги яна камида 13 та ортиқ аҳоли яшаш пунктидан «учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми юзасидан чақирувлар келиб тушгани» ҳақида хабар қилган.
















