Бугун СССРни мақтайдиган айрим одамлар ўша пайтларда жиноятчилик бўлмаганини, одамлар бир-бирларини алдамасликларини айтишади. Аслида, асло ундай эмасди.

СССРда жиноятчилик бор эди, шунчаки аксарият оғир жиноятлар оммадан яширилар, шу сабабли одамлар онгига «бизда жиноятлар содир бўлмайди», деган тушунча сингиб қолганди.

Қуйида ҳикоя қиладиган жиноят ҳам советлар даврида содир этилган ва СССР парчаланиб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлган.

1985 йил қиш фасли. Москва вилоятидаги далаҳовлилар жойлашган қишлоқларнинг бирида уйга қайтаётган сотувчи аёл қорда қон изини кўриб қолади.

Атрофга аланглаган аёл ўша атрофдаги уйларнинг биридан тутун чиқаётганини кўради. Уй ёнаётган эди. Аёл уй эшигини очади ва икки йигитнинг жасадига кўзи тушади. Йигитлар қонга беланган ҳолда ётарди.

Аёл дарҳол қўшниларни чақиради. Бу орада кимдир ўт ўчирувчиларга ва милицияга қўнғироқ қилади. Ўт ўчирувчилар келиб оловни ўчиришади. Милиция атрофни ўраб олади.

Жасадлар текшириб кўрилганда улар юқори лавозимли амалдорларнинг ўғиллари – Виктор Середа ва Сергей Капустин экани ойдинлашади. Йигитлардан бирининг отаси дипломат, иккинчиси КПСС Марказий қўмитаси аъзоси эди.

Йигитларнинг жасади топилган далаҳовли текшириб кўрилганда қандайдир Саломатин деган шахсга тегишли экани аниқланади. Хўш, у ким ва йигитлар қай тарзда ўлдирилган?

Текшириб кўрилганда, далаҳовли эгасининг ўғли Валерий Саломатин ўлдирилган йигитлар билан Москвадаги университетларнинг бирида бирга ўқиши ойдинлашади.

Милиция дастлаб йигитлар ўртасида жанжал келиб чиққан ва Саломатин ўртоқларини ўлдириб қочиб кетган, деган тахминга боради.

Бироқ ...

Милиция қишлоқдаги барчадан кўрсатма олади. Шунда ўша куни уларни биринчи бўлиб кўрган аёл ҳамда бошқалар бу йигитлар безори бўлишгани, кўпчиликка зарар етказиб келишганини айтади.

Сотувчи аёлнинг милицияга берган кўрсатмасига кўра, йигитлар ўша куни эрталаб у ишлаётган магазинга спиртли ичимликлар олиш учун киришади. Сотувчи йигитларни вояга етмаган деб гумон қилган ва улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўрайди.

Шунда йигитлар аёлга дўқ уриб, ичимлик беришни талаб қилишади. Шу пайт магазинга ака-ука Егор ҳамда Фёдор Харламовлар кириб келади ва йигитларни қувиб юборади.

Милиция ходимлари кўрсатма олиш учун Егор ва Фёдор Харламов бирга яшайдиган уйга йўл олади. Ўша пайтда Егор овга чиқиб кетган, уйда Фёдор ва унинг хотини бор эди.