Фикрлашни эмас, ёдлашни ўргатаётган мактаб таълими: ХТВ раҳбарияти изоҳ берди
Вазир Бахтиёр Саидов ва унинг ўринбосари Усмон Шарифхўжаев таълимда ўқувчини дарсликдаги фактларни ёдлашга ўргатадиган ёндашувдан воз кечиш ҳақидаги саволга жавобан, бу 2025 йилгача тўлиқ жорий этиладиган янги Миллий ўқув дастурига асосан амалга ошишини айтди. “Таълимда натижа кўрсатишга вақт керак бўлади”, – деди Саидов. Шарифхўжаевнинг фикрича, бунда ота-оналар ўз боласининг ҳаётга эмас, тестга тайёр бўлишини хоҳлаши – асосий муаммо.
8 август куни АОКАда Халқ таълими вазирлигининг сўнгги 6 ойлик фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир давомида Kun.uz мухбири вазир Бахтиёр Саидовга ўзбек мактабларида таълим ўқувчини фикрлашга эмас, фактларни ёдлашга қаратилган бўлиб қолаётгани ва Ўзбекистон соҳани ислоҳ қилишда қайси давлат тажрибасидан бориши ҳақида саволлар билан мурожаат қилди.
Бахтиёр Саидов саволга жавоб бераркан, аввало журналистнинг мактаб болаларини фикрлашга ўргатиш борасидаги фикри асосли эканини билдирди.
“Шахсан ўзим декабр ойидан ўқув йили якуни бўлган май ойигача республикадаги 998 та мактабда бўлдим, вазирлик жамоаси билан эса гуруҳларга бўлиниб жами 10 130 та мактабнинг 4 мингдан ортиғига кириб чиқдик. Ўзим кирган мактабларда кўпроқ 11-синф ўқувчилари ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдим.
Битирувчилар билан гаплашарканман, таълим сифати, таълимга эътибор ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиққанда, афсуски, камчиликларимиз жуда кўп эканини тушундим. Биз бу муаммоларни бартараф этишимиз шарт”, – деди вазир.
У, шунингдек, Ўзбекистон соҳани ислоҳ қилишда қайси давлат тажрибасини кўпроқ қўллаши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Ўзбекистон ўзининг модели бўйича боради деган фикрдаман. Нега? Биз илғор давлатларнинг илғор тажрибасидан фақат айрим қисмларни оламиз. Яъни биз айнан Сингапур тажрибасини Ўзбекистонга олиб келсак, у бизга тўғри келмайди. Буюк Британия, Финландия, Хитой тажрибаси ҳам шундай, ўз халқи, давлатига мос методика. Бизда ўз методикамиз бор. Алоҳида қайд этиш керак, 503 минг нафар устозларимизнинг орасида энг фидойилари ҳам бор.
Биз методика, тизим яратиш жараёнидамиз. Таълимнинг ўзбекча қолипи иш бермади деган фикрингизга қўшилмайман, чунки ҳали қолип қилиб қўйганимиз йўқ, буни очиқ айтиш керак. Мен юқорида янги дарсликлар ҳақида гапирдим. Бу йил шу тўртта синф дарсликларини ўзгартирамиз ва унинг натижасини босқичма-босқич баҳолаб борамиз.
Кечирасизлар, таълимда натижа қилишга маълум вақт керак бўлади. Мен мактабларда дарс бераётган 503 мингдан ортиқ устозларимиз ҳақида бекорга гапирмаяпман. Улар ичида жуда фидойи ва ҳурматга сазовор устозларимиз бор. Биз уларга фақатгина методикани беришимиз керак. Бунинг учун хорижий ва маҳаллий мутахассисларни ҳудудларга олиб бориш ва бошқа чоралар кўрилади.
Сиз айтаётган қолипга эса ҳали тушганимиз йўқ. Мен буни очиқ айтишим керак. Чунки биз дарсликларни навбати билан ўзгартирамиз. Бу йил тўртта синф, кейинги йил адашмасам иккита синф, кейин яна иккита синф... 2025 йилга бориб 11 та синфнинг барчасида янги авлод дарсликларига ўтган бўламиз”, – деди ХТВ раҳбари.
Бахтиёр Саидовнинг жавобларини унинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев тўлдирди.
“Бизда Миллий ўқув дастури ўтган йилдан эътиборан, 1-2-синфлардан бошлаб босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Бу йил тўртта синф қўшилади. Миллий дастурда ўқувчилар эгаллаши керак бўлган турли кўникмалар белгиланган. Яъни бугун битираётган бола эртага жамиятда қандай кўникмаларга эга бўлиши керак? Бунда олдинга ҳам қарашимиз керак.
Лекин бизда асосий муаммо – узоқ йиллар давомида ота-оналарнинг асосий мақсади боласининг олий ўқув юртига кириши бўлиб қолган. Менимча, 99 фоиз ота-онанинг мақсади шу. Хўш, шундай пайтда болаларни қандай қилиб биз айтаётган мақсадларга етаклаш мумкин? Ота-оналарнинг асосий мақсади боласида жамиятда керак бўладиган кўникмаларнинг шаклланиши эмас, унинг тест ечиши бўлиб қолган.
Ўзбекистонда репетитор бозори ривожланиб кетган, деган эътирозлар ҳам шундан келиб чиқади. Ота-оналар болам ҳамма фанларни ўқимайди, 3-4та фанни ёд олиб ўқийди ва тестлардан ўтади, деган фикрдан қайтмагунча, бу мавзуни гапираверамиз.
Афсуски, келаётган 2-3 йилда битирувчиларимиз бирданига ўзгариб қолади деб айта олмаймиз. Қачон натижа бўлади, деган саволингизга узоқ муддат дейишим нотўғридир, лекин, келинг, бу йил 1-2 синфга келаётган болаларни кўрайлик – улар янги дарсликлар бўйича ўқимоқда. Сиз билан тажриба қилиб кўрайлик, сентябрда шу болалар билан суҳбат қилиб, дастурда нима борлигига қараб, тахминан май ойида яна суҳбат қилайлик. Шунда сиз билан, жамоатчилик билан баҳо бера оламиз. Аминманки, ҳозирги 1-2-синфлар 11-синфни битираётганида, ота-оналарнинг болаларига талаби ўзгаргани сари, ҳолат ҳам ўзгаради”, – деди Шарифхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, президент фармонига асосан 2024 йил 1 сентябрга қадар янги Миллий ўқув дастури таълим жараёнига тўлиқ жорий этилиши лозим: 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9- ва 11-синфлар учун янги методика ва стандартларга асосланган дарсликлар яратилиши зарур.
Kun.uz май ойида тасдиқланган халқ таълимидаги янги 5 йиллик ислоҳотлар режаси шарҳини тақдим этган эди.