Жамият | 18:40 / 11.08.2022
17181
2 дақиқада ўқилади

Бухорода спортчи калтаклаб кетилди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бирида жанжал юзага келгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Унда бир гуруҳ шахслар бир йигитни уриб тепкилаганини кўриш мумкин. Жабрланувчи спортчи экани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматига кўра, ҳолат ҳодиса содир бўлган вақтнинг ўзидаёқ Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида тегишли тартибда қайддан ўтказилган. Воқеа содир бўлган жой, вақт ва иштирокчиларнинг шахсига аниқлик киритилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.

Сўнгги вақтларда маҳаллий спортчилар билан боғлиқ кетма-кет нохуш воқеалар рўй берди.

  • 2021 йил августда Қарши шаҳрида спорт мураббийи Элбек Раҳимовни бир гуруҳ шахслар одамлар кўз ўнгида калтаклаб, машинага солиб олиб кетишган, кейинроқ мураббийнинг жасади Чироқчи туманидан топилганди. Суд жами 26 нафар шахс устидан ҳукм ўқиган.
  • Ўтган йил сентябрда қашқадарёлик яна бир таниқли спортчи Камолиддин Расулов Тошкентда таниши томонидан бир неча жойидан пичоқланган, олган жароҳатлари натижасида вафот этганди. Қотил 15 йилга қамалган.
  • Ўтган ойда Қашқадарёда 23 ёшли спортчининг жасади Қарши магистрал каналидан топилди. Марҳумнинг яқинлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу табиий ўлим бўлганига ишонмаётганини айтган.

Мавзуга оид