18:53 / 19.08.2022
77224

Тўра Боболов ва “тажанг” прокурор тортишуви. Воқеалар ривожи қандай кечиши мумкин?

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга оид аудио тарқалиши, у жиноятчини ҳимоя қилиб прокурорни сўккан бўлиши мумкинлиги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, воқеалар қандай якун топиши мумкин?

Фото: Kun.uz

Аввал аудио асосида воқеанинг ўзини таҳлил қилиб кўрамиз. Йиғилишлардан бирида Тўра Боболов Ангор тумани прокурорига танбеҳ беради. Уни сектор ишларини олиб бормасликда, экспорт кўрсаткичларини бажармасликда айблайди. Энг муҳими – тадбиркорларга тўсқинлик қилаётганини рўкач қилиб, қаттиқ гапиради, ҳақоратли сўзлар айтади.

Бир қарашда ҳокимнинг прокурорни бу камчиликлар учун койишига асос йўқ, чунки қонун бўйича бу ишлар прокурор ваколати ва жавобгарлигида эмас. Аммо сектор тизими йўлга қўйилиши ортидан туманлар прокурорларига ҳам маълум ҳудуд ва қўшимча масъулият юкланган. Шунинг ортидан вилоятдаги барча ҳоким олдида ҳисобдор бўлиб қолган.

Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазонов ҳам бақиришларга жим қараб турмайди ва тадбиркорлар давлат пулини ўмараётгани учун суриштирувга чақирганини билдиради. Бу жавоб ҳокимни баттар дарғазаб қилади ва прокурорни очиқдан очиқ сўкиб, ҳақоратлай бошлайди. Кейинчалик ҳоким яна ким биландир суҳбатида бу прокурорнинг ўзбошимчалиги устидан бош прокурорга арз қилишини ҳам билдиради.

Масаланинг энг нозик жиҳати – Боболов ҳимоя қилаётган тадбиркор аслида унга яқин одам бўлиши мумкинлигида. Бу факт ҳали расман аниқланмаган бўлса-да, бир неча киши, жумладан вилоят прокуратурасидаги манба ҳам тасдиқлаган. Яъни Боболов ўзига тегишли одамни ҳимоялаш учун тергов ишига бевосита аралашмоқда, дейишга асослар бор.

Ҳаммани қизиқтирган савол – энди воқеалар ривожи қандай кечади?

Бу бўйича бир неча сценарийни тахмин қилиш мумкин:

1. Қонуний чора

Масаланинг ҳуқуқий ечими қонунларда аниқ ва равшан ёзиб қўйилган.

Аудиодан билиш мумкинки, вилоят ҳокими Тўра Боболов прокурорни турли уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ушбу ҳолатда Боболовнинг прокуратура иш юритувидаги жиноят иши тергови (ёки суриштируви)га ҳам бевосита аралашгани кузатилади. Жиноят кодексининг 236-моддасига кўра, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Лекин амалиёт шуни кўрсатадики, ҳокимлар кимнидир сўккани ёки тергов ишига аралашгани учун ҳали бундай айбловлар билан жазога тортилмаган. Демак, бошқа, ҳаётийроқ вариантларни кўриб чиқамиз.

2. Вазият қандай бўлса, шундайлигича қолади

Яъни ҳоким ҳам, прокурор ҳам ўз ишини аввалгидек давом эттиришади. Аслида шундай бўляпти ҳам. Чунки аниқланишича, бу зиддият декабр ойида бўлиб ўтган. 9 ойдан буён Ангор прокурорига чора кўрилмаган, инчунин ҳокимга ҳам.

Катта эҳтимол билан бу воқеадан кейин томонлар анъанавий муросага келишган.

3. Вазиятни юмшатиш ва жамоатчиликни тинчлантириш учун Боболов узр сўрайди

Бу тажрибадан ўтган. Яна бир сўконғич (собиқ) ҳоким Шуҳрат Ғаниев қатор қовун туширишлардан кейин Сенат аҳлоқ комиссияси ва ОАВ олдида “ўтиниб-ўтиниб” кечирим сўраганди.

Дарвоқе, Сенат ҳозирча сенатор Боболов масаласи бўйича сукутни афзал билмоқда.

4. Жиддий текширишлар бошланади

Аудио жамоатчиликка шунча вақт ўтиб энди сиздирилиши амалда “Боболов иши” бўйича илк қадам бўлиши мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, прокурорга таҳдид қилинишига сабаб бўлган жиноят ишида Тўра Боболов ҳимоя қилгани айтилаётган ангорлик шахслар давлатга 200 миллиондан ортиқ зарар етказгани маълум бўлган. Бу бўйича суд ҳукми ҳам чиққан, яъни жиноят тасдиғини топган. Қисқа қилиб айтганда, вилоят ҳокими даражасидаги одам коррупционер-жиноятчининг ёнини олган бўлиши мумкин.

Тўра Боболовнинг ўзи ҳам Ангор туманидан экани ҳисобга олинса, тахминларда жон бордай кўринади. Ҳокимнинг жиноятчиларни ҳимоя қилиб, прокурорга таҳдид қилиши эса жуда жиддий масала.

5. Боболов ишдан олинади

Кўпчилик шуни тахмин қилаётган бўлса-да, амалда бу анча мураккаб жараён. Чунки ҳокимни тайинлаш бевосита президент тавсияси билан амалга оширилади. Давлат раҳбари Тўра Боболовни ишчан ва садоқатли ҳоким сифатида қадрлаб келган. Шу боис сўнгги қарор энг юқори доираларда қабул қилинади. Балки бу масала умуман кун тартибига кирмай қолиши ҳам мумкин.

Аслини олганда, Сурхондарёда ҳоким ва куч ишлатар тизимлар ўртасидаги зиддиятлар анча бой тарихга эга. Собиқ МХХнинг собиқ ходими Нодир Тўрақулов узоқ йиллар давомида бу вилоятда қилган ишларни аҳоли унутмаган, унутмайди ҳам. Унинг шохини бир неча ҳоким синдира олмагани, фақат Мирзиёевгина бу қонунсизликларга чек қўйгани ортидан вилоят бошқарув тизими тартибга олингани бор гап.

Айнан ана шу воқеалардан кейин давлат раҳбари томонидан ҳокимнинг мавқейи кўтарилди, куч ишлатар тизимлар бошбошдоқлигига чек қўйилди. Энди жамоатчиликка ошкор бўлган бу воқеа “иш жараёнида бўлиб турадиган кичик камчиликлар” сифатида қабул қилинадими ёки “ҳокимнинг ҳаддидан ошиши”ми, буни вақт кўрсатади.

Аброр Зоҳидов

Top