Ўзбекистон | 13:32 / 20.08.2022
12690
3 дақиқада ўқилади

“Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси ўз ишини бошлади

Тошкент шаҳрида “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси очилди.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 19-21 август кунлари Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида “Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда кенг жамоатчилик ва халқаро дипломатик корпус вакиллари, элчихоналар, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар вакиллари, турли вазирлик ва идоралар ходимлари, республикамиз вилоятларидан келган меҳмонлар, юртимизда меҳмон бўлиб турган чет эллик сайёҳлар, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишяпти.

 “Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарган сувенир турларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини аниқлаш, сифат ва дизайни устида иш олиб бориш, чет эллик меҳмонларнинг маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганишдан иборат.

“Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаевга кўра, бу кўргазма республикада илк марта ўтказиляпти:

“Кўргазма-савдода республиканинг 14 ҳудудидан 300дан ортиқ ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий матолар адрас атлас, заргарлик буюмлари, кулоллик, гиламчилик, зардўзлик, каштачилик ва ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида маҳорат дарслари билан иштирок этади.

Тадбир 3 кунга мўлжалланган бўлиб, барча маҳсулотлар оддий халқ орасидаги ҳунармандлар томонидан қўл меҳнати билан яратилган”,- дейди у.

Кўргазма-савдода иштирокчилар ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Тадбирларда қатнашиш истагини билдирган меҳмонлар ўз қўллари билан лойдан кўза ясаб кўришлари, ипакдан мато тўқишлари, дўппига нақш бериб кўришлари, бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этишлари мумкин.

“Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси давомида бизнес вакиллари ҳунармандлар билан фойдали шартномалар тузишлари мумкин бўлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши режалаштирилган тадбир бугун ҳам давом этмоқда.

"Ҳунарманд" юшмаси Ахборот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид