Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда “Тошкент сувенирлари” номли кўргазма савдоси ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки кўмагида жорий йилнинг 19-21 август кунлари Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида “Тошкент сувенирлари” кўргазма савдоси бўлиб ўтади.
Уч кун давомида меҳмонлар юртимизнинг машҳур ҳунармандларидан ўзларининг севимли ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар сотиб олишлари, уларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатишлари ва ўзлари бу жараёнда бевоcита иштирок этишлари, шунингдек бой кўнгилочар дастурни томоша қилишлари мумкин.
Кўргазма-савдода республиканинг барча ҳудудларидан 200 нафардан зиёд ҳунарманд, халқ амалий санъати усталари ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий матолар адрас, атлас, заргарлик буюмлари, кулоллик, гиламчилик, зардўзлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида маҳорат дарслари билан иштирок этади.
Кўргазма-савдо меҳмонлари юртимизнинг машҳур ҳунармандларининг маҳорат дарсларида қатнашиб, ўз қўллари билан лойдан кўза ясаб кўришлари, ипакдан мато тўқишлари, дўппига нақш бериб кўришлари, бешик ясашда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
“Тошкент сувенирлари” кўргазма савдоси давомида бизнес вакиллари ҳунармандлар билан фойдали шартномалар тузишлари мумкин бўлади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўргазма-савдода 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюради.
Сана: 19 августдан 21 августгача.
Ўтказилиш жойи: Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчаси
Кириш бепул.
Кўргазма-савдо дастури билан (+998) 71-279-80-88 телефони орқали танишишингиз ва батафсил маълумот олишингиз мумкин.
Реклама ҳуқуқи асосида