21:59 / 21.08.2022
6978

Ўзбекистонда карлар учун махсус мобил илова тайёрланмоқда

 Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб қайтган Ўзбекистон карлар жамияти вакиллари эшитишида нуқсони бўлган фуқаролар ва сайёҳларнинг ҳаётини осонлаштирадиган инновацион ечимларни Ўзбекистонда ҳам жорий этишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Маъмур Аҳлиддинов

Ўзбекистонда эшитиши қобилиятини йўқотган инсонлар турли ташкилот ва корхоналарга мурожаат қилишда жиддий тўсиқларга учрайди. Саводи сустлиги туфайли улар ёзма алоқада ҳам қийинчиликларга дуч келишади.

Бундай муаммо БААда ҳам бор эди, лекин ҳозирда мамлакат рақамли технологияларни фаол жорий қилиб, эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг ҳаётини яхшиламоқда, шунингдек, ногиронлиги бор сайёҳларни қабул қилиб, тўсиқсиз саёҳат қилиш учун шароит яратяпти.

Фото: Маъмур Аҳлиддинов

Gulf People of Determination Information Technologies лойиҳаси доирасида эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун дастур ишлаб чиқиб, маҳаллий синовлар ўтказилмоқда. Карлар жамияти вакиллари ва фаоллари бу тажрибани Ўзбекистонда ҳам жорий этишни таклиф қилмокда.

Эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг саводи даражаси пастлиги уларнинг бошқалар билан мулоқот қилишда қийинчиликка дуч келиши, маълумотларнинг етишмаслиги, жамиятда содир бўлаётган воқеаларни ўтказиб юбориши каби омиллар билан боғлиқ. Бу нафақат уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, балки саводхонлигининг заифлашишига, ўз ҳуқуқларини талаб қила олмасликларига олиб келади.

Инклюзив жамият яратишда замонавий технологияларнинг ўрни беқиёс. Улар ёрдамида эшитадиган ва эшитмайдиган инсонлар ўртасидаги алоқани соддалаштириш мумкин.

Технологиялар эшитмайдиган инсонларнинг нафақат давлат хизматларидан, балки тадбиркорлар таклиф этаётган хизматлардан ҳам кўпроқ фойдаланишига олиб келади, эшитмайдиган сайёҳлар оқимини оширади. Булар эса мамлакат иқтисодиёти ўсишига ҳам турткидир.

Июл ойи ўрталарида Ўзбекистонга Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистондан 200га яқин эшитишида нуқсони бўлган сайёҳлар келди. Сурдотаржимонларнинг етишмаслиги сабабли улар диққатга сазовор жойлар ва музейларга ташрифи чоғида сифатли маълумот олишда қийинчиликка дуч келишди. Музейлар ва бошқа обидалар тарихини батафсил билиб олишга қийналишди.

Фото: Маъмур Аҳлиддинов

Ўзбекистонда ишлатиладиган имо-ишора тили – МДҲ давлатларида ҳам ишлатишади. Юқори технологияларни жорий этиш мамлакатимизга эшитишида нуқсони бўлган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

БААда эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун инфратузилма дунёдаги илғор соҳалардан бири ҳисобланади ва бу тажриба энди Ўзбекистонда жорий этилиши мумкин. Ўзбекистон карлар жамияти вакиллари амирликлар тажрибасини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлиб қайтди.

Мутахассислар Gulf People of Determination Information Technologies'нинг Дубайдаги офисида бўлиб, бу ерда нафақат давлат муассасаларида, балки бошқа хизматлардан фойдаланишда, шунингдек кундалик ҳаётда ишлатадиган маҳсулотларни харид қилишда ҳам сурдотаржима иловаси дастуридан фойдаланиш қанчалик қулайлигини ҳис қилишди.

Имо-ишорага масофадан (онлайн) таржима қилиш дастури – Android ва iOS учун илова бўлиб, уни ҳар қандай мамлакат ва ҳар қандай вазиятга осон мослаштириш ва татбиқ қилиш мумкин.

Фото: Маъмур Аҳлиддинов

Ҳозирда бу дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистонда йирик бизнес вакиллари ва давлат идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда. Илова фойдаланиш учун қулай ва содда дастур бўлиб, мамлакатимиздаги эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун асосий воситага айланади. Шунинг учун технологияни биринчи бўлиб қабул қилган компаниялар рақобатдош устунликка эга бўлиб, эшитишида нуқсони бўлган мижозларнинг ишончини қозонади.

Ўзбекистонда эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун махсус илова тез орада пайдо бўлиши кутиляпти.

Top