Ўзбекистон | 09:23 / 24.08.2022
7279
2 дақиқада ўқилади

Рига порти «Ўзбекистон темир йўллари» билан ҳамкорликни кенгайтиради

Томонлар Ўзбекистонга ва ундан Латвия орқали транзитни кенгайтириш устида иш олиб боради.

Рига порти / Фото: Vladislavs Surics / 371FOTO

«Ўзбекистон темир йўллари» Рига эркин порти билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Spot нашри PortNews саноат порталига таянган ҳолда хабар берди

Томонлар Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамовнинг Латвияга амалий ташрифи чоғида келишувга эришди. Мазкур келишув икки давлат ўртасидаги транспорт ва транзит алоқалари салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши кутилмоқда. 

Компаниялар Латвия ва Ўзбекистон ўртасида импорт-экспорт ва транзит юк ташиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш устида иш олиб боради. Томонлар транспорт-логистика лойиҳаларини ҳам ўзаро қўллаб-қувватлайди. 

Шунингдек, Рига порти Ўзбекистон юк эгалари ва корхоналари учун ЎТЙ сайтида маълумотларни эълон қилиш имкониятига эга бўлади. У портнинг иши, хизматлар учун тарифлар, порт билан ишлаш шартлари ва имтиёзлари ҳақида маълумотларни ўз ичига олади. 

Рига порти директори ўринбосари Мартинш Земанис «яқин келажакда фаол ўзаро манфаатли ҳамкорликка» умид билдирди. Латвия томони иқтисодий алоқалар ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш вазифасини қўймоқда. 

2022 йил бошидан Рига порти орқали Ўзбекистонга ва аксинча йўналишда келаётган юк ташиш ҳажми ошиб бормоқда. Ярим йил давомида порт республикадан 48,9 минг тонна юк, жумладан, мева, ўғит ва пластмассалар қабул қилди. Қарама-қарши йўналишда 52 минг тонна - асосан Бразилия шакари юборилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид