Ўзбекистон | 07:51 / 24.08.2022
44118
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors терминалда турган минглаб «Спарк»лар бўйича изоҳ берди

Интернетда Ангрен шаҳридаги юк ортиш ва тушириш терминалида суратга олинган «Спарк» автомобиллари суратлари тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

UzAuto Motors жорий йил 20 август куни 2022 йилда «Спарк» автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбурлиги ҳақида эълон қилганини билдирди. Бу қарор жорий йил август ойидан бошлаб, АҚШнинг General Motors компанияси томонидан ушбу автомобилларни ва улар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақидаги глобал қарори билан боғлиқ экани айтилади.

Билдирилишича, UzAuto Motors’нинг ушбу автомобил моделига бўлган талаб юқори экани боис компания мавжуд қолган бутловчи қисмлардан ишлаб чиқарилган «Спарк» партиясидан ташқари, экспортга йўналтирилган автомобилларни ички бозорга йўналтиришга қарор қилган.

20 август кунидан бошлаб автомобиллар учун контрактация бошланган. Биринчи куннинг ўзидаёқ барча мавжуд автомобиллар учун жами 12 600 та шартнома тузилган: 8 200 дона «Спарк» ва 4 400 дона «Нексия» автомобили.

Таъкидланишича, уларни барча дилерлик марказларига етказиб бериш ишлари фаол олиб борилмоқда. Суратда «аллақачон мижозлар томонидан шартнома тузилган ва кейинчалик мижозга етказиб бериш учун Ангрен шаҳрига етказилган» автомобиллар кўрсатилган.

«Тез орада «Нексия» автомобиллари ҳам Ангрен шаҳрига мижозларга етказиб бериш учун жўнатилади», дейилади хабарда.

Ангрен шаҳридаги юк ортиш ва тушириш терминали UzAuto Motors таркибий бўлинмаси бўлиб, автомобиллар Қамчиқ довони ғарбидаги дилерлик марказларига тарқатилишидан олдин транзит сақлаш учун мўлжалланган.

Мавзуга оид