Ўзбекистон | 22:16 / 25.08.2022
42583
2 дақиқада ўқилади

ТТА контракти 1-курс талабалари учун кескин ошади

Тошкент тиббиёт академиясида контракт миқдори икки баробарга оширилиши ҳақидаги хабарлар ортидан академиянинг ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Боймуродов талабаларга видеомурожаат билан чиқди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Унинг сўзларига кўра, академияда контракт фақат 1-курсга қабул қилинаётган талабалар учун оширилган. Қолган курсларда ўқиётган талабалар йўналишлар кесимида ҳукумат белгилайдиган базавий контракт миқдорини тўлайди.

1-курслар учун контракт миқдори оширилиши ТТАга академик мустақиллик берилгани, кейинги 3 йилда контракт миқдори ўзгаришсиз 9,1 млн сўм бўлгани, бу вақт мобайнида эса инфляция давом этгани билан изоҳланди.

“Молиявий мустақиллик берилганидан кейин, ҳар бир талабага ўртача харажат миқдорини аниқлайдиган низом бор. Унга кўра, тушган пуллар, аввало, ТТА профессор-ўқитувчиларига ойлик маош сифатида, қолаверса, ўқув лабораториялари сифатини ошириш, ахборот технология воситалари, инфратузилма учун мўлжалланган.

Ҳозирги кунгача ТТА ўқув жиҳозлари, инфратузилмаси, лаборатория ва талабалар турар жойларини таъмирлаш етарли даражада бўлмаган. Кейинги йилда талабалар турар жойларидаги ўринлар сони 1,5 мингтадан 3,5 мингтага кўпайтириляпти”, – деган проректор.

Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда ТТА контракти 19 млн 430 минг сўм этиб белгиланиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шуҳрат Боймуродов ўз мурожаатида тасдиқламаган ҳам, инкор ҳам этмаган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид