Жаҳон | 07:53 / 29.08.2022
4399
2 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизида яна юзлаб одамлар қутқарилди

Ocean Viking бортида 466 киши, жумладан ҳомиладор аёллар ва болалар бор ва уларнинг кўплари тиббий ёрдамга муҳтож, дея хабар бери SOS Mediterranee ташкилоти.

Фото: Fabian Mondl/SOS Mediterranee

Ocean Viking фуқаролик қутқарув кемаси 10 та қутқарув операциясида Ўрта Ер денгизи орқали Европага ўтишга уринган 466 кишини бортга олди. Улар орасида ҳомиладор аёллар, болалар ва гўдаклар, жумладан, 3 ҳафталик қизча ҳам бор ва кўпчилик тиббий ёрдамга муҳтож, деб хабар берди муҳожирларни қутқариш билан шуғулланувчи SOS Mediterranee гуманитар ташкилоти якшанба, 28 август куни Twitter’да.  

Қидирув миссияси билан Ўрта Ер денгизида бўлган яна бир немис кемаси Nadir елканли кемаси Италиянинг Лампедуза қирғоқлари яқинида пуфлама қайиқдан 59 кишини бортига олди. Resqship e.V. ассоциацияси маълумотларига кўра, 27 август куни кечқурун кема одамларни Лампедузага туширишга муваффақ бўлган.  

Бундан ташқари, очиқ денгизда қутқарилган 99 киши Open Arms Uno кемасидан Сицилиянинг Мессина шаҳрига туширилди, деб ёзди Open Arms ташкилоти Twitter’да.

Одамлар учун энг муҳим, лекин айни пайтда энг хавфли қочиш йўлларидан бири бўлган Ўрта Ер денгизида ҳукуматнинг қутқарув миссиялари мавжуд эмас. Хусусий ташкилотлар Европага етиб олишга уринаётган қочқинларга ёрдам беришда иштирок этади. Малта ҳукумати бир неча йиллардан бери қутқарув кемаларининг ўз портларига киришига рухсат бермаяпти. Италияда бундай рухсатномани олиш бир неча кун давом этади. 

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, йил бошидан бери камида 1161 киши Ўрта Ер денгизини кесиб ўтиш чоғида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган, ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид