Жаҳон | 07:34 / 02.12.2025
5852
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: денгизга чиқиш йўли йўқ давлатлар харитасида Ўзбекистон

Денгизга чиқиш имконияти — давлатнинг қулай географик жойлашувининг муҳим белгиларидан бири, аммо бундай омад ҳаммага ҳам насиб этмаган. Инфографикада соҳил чизиғига эга бўлмаган давлатлар кўрсатилган.

Бутун дунё бўйлаб 44 та давлат (харитада, шунингдек, Косово ҳам алоҳида белгилаб қўйилган) денгизга тўғридан тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Уларнинг иккитаси яна денгиз соҳилига эга бўлмаган қўшнилар билан ўраб олинган — булар Лихтенштейн ва Ўзбекистон.

Айрим давлатлар гўё жуда яқин масофада денгиз бўйига етиб борадигандек, аммо уларга йўлни қўшнилари тўсиб қўйган. Масалан, Лаосни Жанубий Хитой денгизига чиқишдан тахминан 50 километр масофа ажратиб туради. Бироқ Лаосни соҳилга “яқинлаштирмайдиган” Ветнам у билан ўзининг учта портини бўлишади.

Австрия, Венгрия, Словакия ва Сербия каби айрим давлатларга маълум даражада дарёлар ёрдамга келади. Гарчи бу мамлакатлар қитъа ичида жойлашган бўлса-да, Дунай дарёси уларнинг кемаларига Қора денгизга чиқиш имконини беради.

Денгиз соҳилининг йўқлиги мамлакат ривожига ҳар доим ҳам тўсқинлик қилмайди. Люксембург ва Швейцария денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаса-да, дунёдаги энг бой давлатлардан ҳисобланади. Шуни жуда кичик Лихтенштейн ҳақида ҳам айтиш мумкин — у аҳоли жони бошига тўғри келадиган номинал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсаткичи бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид