Жаҳон | 16:38 / 01.09.2022
19058
3 дақиқада ўқилади

Путин Горбачёвнинг дафн маросимида қатнашмайди

Кремлнинг билдиришича, иш вақти бандлиги туфайли Путин Горбачёвнинг дафн маросимида қатнашмайди ва бунинг ўрнига Марказий клиник шифохона ўликхонасида у билан хайрлашган.

Фото: ТАСС

1 сентябр, пайшанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг журналистларга хабар беришича, Россия президенти Владимир Путин СССР биринчи президенти Михаил Горбачёвнинг дафн маросимида «иш жадвали» туфайли қатнашмайди.

Песковнинг айтишича, Путин Калининградга учишдан олдин Марказий клиник шифохонага борган ва у ерда Горбачёв тобутига гул қўйган.

«Биз биламизки, видолашув, дафн маросими 3 сентябр куни бўлиб ўтади, аммо, афсуски, президентнинг иш жадвали 3 сентябрда буни амалга оширишга имкон бермайди, шунинг учун у буни бугун қилишга қарор қилди», — деди Песков.

Аввалроқ Горбачёвнинг қизи дафн маросими Новодевичя қабристонида 3 сентябр, шанба куни - Союзлар уйи Колонний залида видолашув маросимидан сўнг бўлиб ўтишини, унга кириш ҳамма учун очиқ бўлишини айтган эди. Горбачёв рафиқаси Раиса Горбачёва ёнига дафн этилади. 

Песковнинг сўзларига кўра, маросимда «давлат дафн маросимларининг элементлари» ишлатилади. Гап фахрий қоровул, видолашув ва дафн маросимини ташкил этишда давлат ёрдами ҳақида бормоқда. Песков маросим мақоми расмий давлат дафн маросимларидан қандай фарқ қилишига аниқлик киритмади. 

Михаил Горбачёв 30 август куни «оғир ва узоқ давом этган касалликдан сўнг» 92 ёшида Москвада вафот этди. Кремл Путин эртаси куни, 31 августда СССР сўнгги раҳбарининг яқинларига ҳамдардлик телеграммаси юборганини маълум қилди. 

Горбачёвнинг вафоти муносабати билан кўплаб давлатлар раҳбарлари томонидан ҳамдардлик билдирилди. Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен уни «совуқ урушни тугатиш ва темир парданинг қулашида ҳал қилувчи рол ўйнаган» нуфузли ва ҳурматли раҳбар деб атади. «У эркин Европага йўл очди. Биз бу меросни унутмаймиз», деб ёзди у. 

Германия канцлери Олаф Шольц Горбачёвни «Европанинг кўп жойларида демократия ўрнатилишига ҳисса қўшган жасур ислоҳотчи ва давлат арбоби» деб атади. 

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг маълум қилишича, «Путиннинг Украинадаги агрессияси пайтида Горбачёвнинг совет жамиятини очишга бўлган тинимсиз интилиши барча учун намуна бўлиб қолмоқда». 

Мавзуга оид