АҚШ Эрон Россияга дронлар юборганини маълум қилди. Бу қандай аппаратлар?
АҚШ президенти маъмурияти Россияга Эрондан учувчисиз учиш қурилмалари етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган хабарларни тасдиқлади. «Бизнинг маълумотга кўра, Россия Эрондан август ойида Mohajer-6 ва Shahed сериясидаги учувчисиз учиш қурилмаларини қабул қилиб олди. Дронлар Эрондаги аэродромда Россия транспорт самолётларига юкланган, кейин улар Россияга учган. Биз буни кўриб турибмиз», деган брифингда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
Эрондан Россияга учувчисиз учиш аппаратларининг илк партияси юборилгани ҳақида аввалроқ Америка матбуотида - Washington Post газетаси ва CNN телеканалида хабар қилинганди.
Газета разведка хизматидаги аноним манбасига, телеканал эса Жо Байден маъмурияти вакилига таяниб хабар тарқатган.
Хабарларда Mohajer-6, Shahed -129 ва Shahed-191 дронлари Россияга 19 август куни юборилгани айтилган.
Washington Post хабарида россиялик ҳарбийлар томонидан ўтказилган илк синовларда аппаратлар фаолиятида қатор камчиликлар аниқлангани айтилган. Газета айнан қандай муаммоларга дуч келинганига аниқлик киритмаган.
Эронда дронлар дастури 1980-йиллардан ривожлана бошланганига қарамай, мамлакат доимий равишда санкциялар остида бўлиб келгани туфайли, халқаро экспертлар ҳисоблашича, ишлаб чиқарилган дронларнинг аксари хориж мамлакатлари дронларининг кўчирмаси ҳисобланади.
Россияга Эрон учувчисиз учиш қурилмалари етказиб берилаётгани ҳақида Америка матбуотида тарқалган хабар катта сенсация бўлмади - Москва Теҳрондан дронлар сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида июл ойидаёқ маълум бўлганди.
Шу билан бирга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков сешанба куни Washington Post нашрида чиққан материалга билдирган муносабатида ушбу нашр сўнгги вақтларда «жуда кўп ёлғон-яшиқ хабарлар тарқатаётгани»ни қайд этди.
Ҳарбий экспертларнинг ишонч билан айтишича, Украинада дронларнинг ўткир етишмовчилигига дуч келган Россия Эронга юзланишга мажбур бўлган, чунки бошқа давлатлардан бундай техникаларни харид қилишнинг деярли имкони йўқ, Россиянинг ўзида эса бу синфдаги дронларни кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.
Эрон дронлари
Хориж технологияларидан фойдаланиш имконияти чекланганига қарамай, Эрон учувчисиз авиация аппаратлари ишлаб чиқариши билан машҳур. Бу мамлакат анча йиллардан буён халқаро санкциялар остида яшайди ва эронликларда бундай қатъий шароитларда яшаб қолиш бўйича катта тажриба мавжуд.
«Эрон 80-йиллардан буён ўз учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириб келади ва бу соҳага катта аҳамият қаратган. Шунинг учун улар ҳам тактик, ҳам стратегик, ҳам разведкачи ва ҳам зарбдор дронлар линиясига эга. Эрон санкциялар остида яшашга, ҳарбий саноат учун зарур бўлган барча нарсага эга бўлишга ва санкцияларга қарамай бу соҳани ривожлантиришга кўниккан. Барча тўсиқларга қарамай, ҳатто нисбатан мураккаброқ бўлган узоқ масофага ҳаракатланувчи баллистик ракеталар ҳамда ядро лойиҳалари ҳам ривожлантирилмоқда», дейди BBC билан суҳбатда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман.
Эрон ҳарбий самолётларни мустақил равишда лойиҳалаштира олмайди, аммо санкциялар амалда бўлган даврда хориж технологияларини ўрганиб, уларнинг нусхаларини ишлаб чиқаришни яхши ўзлаштирган. Шу тариқа, эронликлар ҳатто Американинг Northrop F-5 қурилмасини ўрганган ҳолда ўз қирувчи самолётини ишлаб чиқишга муваффақ бўлган.
Эрон саноати монархия давридан мерос бўлиб қолган ҳарбий авиация учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича бой тажрибага эга. Бундан ташқари, Эрон, катта эҳтимол билан, хорижда санкцияларни четлаб ўтган ҳолда турли эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни сотиб олиши мумкин.
1980-йиллардаёқ, Ироқ билан уруш даврида Эронда учувчисиз авиация имкониятларига эътибор қаратилган. Эроннинг маҳаллий учувчисиз учиш қурилмаларини яратиш дастури 1988 йилда, Ироқ билан уруш якунланганидан кейин ташкил этилган.
1990-йилларда бу дастур фаоллик билан ривожланган ва 2010 йилга келиб Эронда нафақат дронларни ишлаб чиқариш, балки уларни қўллаш (асосан разведка мақсадларида) бўйича ҳам яхшигина тажриба тўпланганди.
Эрон дронлари, экспертлар фикрича, Ғарб дронлари намуналарини ўрганиш орқали эришилган технологиялар ёрдамда ишлаб чиқарилган.
Россия қандай дронларни олмоқда?
Американинг ҳарбий дронларни тадқиқ қилиш маркази бўлмиш Бард-коллеж маълумотига кўра, 2019 йилда Эрон биринчи, иккинчи ва учинчи синфга мансуб бўлган 179 дона дронга эга бўлган.
Биринчи тоифага тактик дронлар, квадрокоптер ва самолётлар киради, иккинчи ва учинчи тоифалар - ўрта ва оғир вазндаги дронлар бўлиб, улар парвоз баландлиги ва ҳавода қолиш муддатига кўра таснифланади (medium-altitude ёки high-altitude long-endurance UAV - MALE UAV ёки HALE UAV).
MALE UAV - бу туркларнинг Bayraktar Tb2 дронлари ҳам мансуб бўлган синфдир.
Россияга етказиб берилган Mohajer-6 ушбу таснифга кўра дронларнинг иккинчи синфига киради. Бу дронларнинг бутун бир оиласи бўлиб, Globalsecurity.Org маълумотига кўра, уларнинг биринчи намуналаридан эронликлар 1990-йиллар охиридаёқ Афғонистонда разведка мақсадларида фойдаланган. Ўшанда улар бу қурилмаларни қуроллар билан ҳам синовдан ўтказишган, дронга РПГ-7 гранатомёти ўрнатилганди.
Mohajer-6 2002 йилда пайдо бўлган ва Эрон бир неча разведкачи дронларини «Ҳизбуллоҳ»га берган, гуруҳ улардан Исроил билан қарама-қаршиликда қўллашга ҳаракат қилган.
Бу дроннинг сўнгги версияси Mohajer-6’ни ишлаб чиқариш 2018 йилда бошланган бўлиб, у Qaem бомбаларини олиб учади.
Номи умумийлигига қарамай, Shahed -129 ва Shahed-191 бутунлай бошқача аппаратлар. Бунга уларнинг прототиплари Ғарбнинг турли дронлари экани сабаб бўлиши мумкин.
Shahed -129 - нисбатан эски ишланма, у 2012 йилдан буён учирилади. Бирлашган қиролликнинг мудофаа тадқиқотлари институтининг «Яқин Шарқдаги ҳарбий дронлар» (Armed Drones in the Middle East) номли ҳисоботида айтилишича, у, катта эҳтимол билан исроилликларнинг қандайдир йўл билан эронлик муҳандислар қўлига тушиб қолган Hermes 450 дронини ўрганиб чиқиш асосида яратилган.
Shahed-191 эса Эронда америкаликларнинг разведка дрони билан боғлиқ шов-шувли воқеадан ишлаб чиқилган.
2011 йил 4 декабрида америкаликларнинг RQ-170 Sentinel русумли дрони Афғонистоннинг ғарбий қисмида, Эрон билан чегара яқинида йўқолиб қолади, бир неча кун ўтиб эса уни Эрон телевидениесида намойиш этади.
АҚШ мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, у қандайдир техник носозлик оқибатида қулаб тушган. Эрон ҳарбийлари эса ўз аппаратуралари ёрдамида унинг бошқарувига кириб, уни Эрон ҳудудига қўндиришганини айтишган.
Ноқулай қўнишдан кейин аппаратнинг техник ҳолати қандай бўлгани маълум қилинмаган.
Бу авариядан кейин Эронда ташқи кўриниши америкаликлар дронига жуда ўхшаш бўлган Shahed-171 дронини ясашди. Эндиликда Теҳрон Россияга юбораётган Shahed-191 америкаликларнинг RQ-170 аппаратининг эронликлар томонидан бироз кичрайтириб ясалган нусхасидир.
Эронликлар дронлари нечоғлик мукаммал эканини айтиш қийин, чунки Эрон бундай маълумотларни ошкор этмайди.
Аммо шуниси маълумки, бу дронларда камида двигателлар билан муаммо чиқиши мумкин. 2019 йилда Америка мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси томонидан эълон қилинган «Эрон ҳарбий қудрати» номли ҳисоботда айтилишича, Эрон маҳаллий ишлаб чиқарилган моторлар етарли даражада муваффақиятли чиқмагани туфайли Ғарбда ишлаб чиқарилган двигателлар ва бошқ бутловчи қисмлардан фойдаланишга мажбур бўлган.
Mohajer каби Shahed-129 ва Shahed-191 дан ҳам қуруқликдаги нишонларга зарба беришда фойдаланиш мумкин.
Дронларнинг Украина низосидаги аҳамияти
Аммо зарба бериш миссиялари бу дронлар учун асосий вазифа эмас.
MALE UAV синфидаги дронларнинг асосий афзаллиги - узоқ вақт давомида ҳавода қолиши ва кузатув, разведка, нишонни белгилаш имкониятларидир.
Унинг «синфдошлари» бўлмиш туркларнинг Bayraktar Tb2 дронлари Украина армияси учун айнан шундай рол бажармоқда.
Американинг «Эрон ядросига қарши биргаликда» (United Against Nuclear Iran - UANI) нодавлат ташкилотининг «Эрон дронлари дастури таҳдиди» номли ҳисоботида айтилишича, Эрон Ироқ ва Сурияда Mohajer ва Shahed-129 дронларини қўллаган, бу дронлар қуруқликдаги нишонларга зарбалар берган.
Аммо Эрон дронларни Суриядаги яхши қуролланмаган гуруҳларга қарши зарба бериш учун қўллай олган бўлса-да, Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситаларига эга бўлган мунтазам армиясига қарши ҳарбий ҳаракатларда бу ишни такрорлаш осон бўлмайди.
Россияда MALE синфидаги дронларни ишлаб чиқариш имконияти мавжуд, «Кронштадт» компанияси «Орион» дронларини ишлаб чиқаради, 2021 йил декабрида бундай қурилмалар орқали Суриядаги нишонларга зарбалар йўллангани хабар қилинган.
Бу дронлар Дубнадаги (Москва яқинида) заводда ишлаб чиқарилади, июн ойи охирида компания раҳбарияти корхона уч сменада ишлай бошлаганини хабар қилганди.
Россия матбуотида Украинадаги урушда бу дронлардан фойдаланилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, Украинадаги УНИАН агентлиги эса апрел ойида Украина қуролли кучлари шундай учувчисиз учиш қурилмасини уриб туширгани тўғрисида хабар берганди.
Аммо, исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделманнинг қайд этишича, Россия ҳар қандай разведка дронига катта эҳтиёж сезмоқда ва Эрондан бундай қурилмалар етказиб бериш бўйича шартнома шундай талабнинг бир қисмини қондириши кўзда тутилган.
«Агар Россия эронликларнинг учувчисиз учиш қурилмаларига қизиқаётган бўлса, бу қандайдир жаҳон даражасидаги қурилмалар бўлгани туфайли эмас, балки Россиянинг ўз ишлаб чиқариш даражаси сон жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам пастлиги туфайлидир, улар бу соҳани ривожлантиришга сармоя киритмаган. Эрон дронлари - бу одатда Ғарб аппаратлари намуналари хитойликларнинг бутловчи қисмлари асосида яратилган муҳандислик намуналаридир, шу туфайли уларнинг сифати АҚШ аппаратлари билан солиштирганда паст, аммо уларга, афтидан, Россияга ҳам шунинг ўзи етарли», деб ҳисоблайди эксперт.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
14:17 / 22.11.2024