Ўзбекистон | 15:16 / 04.09.2022
35424
6 дақиқада ўқилади

«Байроқ бошқаларда кетмоқда» — яна тарихий фильмлар ишлашдаги оқсашлар ҳақида

Кўпчилик давлатлар ўз мафкурасини кўп жиҳатдан шонли тарихига асослаб яратади, аждодларининг мағлубиятларига эмас, ғалабаларига кўпроқ эътибор қаратади. Шу йўл билан замондошлари олдида миллий ғурур туйиб, авлодларида ватанпарварликни кучайтиришга уринади.

Назаримда, тарихни ўрганишда биз азалдан самарасиз услубни танлаганмиз. Бу ҳолат айниқса бугунги кунда яққол билиниб қолди. Биз Бобурни улуғлаб минг ададли журнал чиқараётган бир пайтда турклар “Муҳташам юз йил”, “Эртуғрул” каби сериаллари билан нафақат ўзларидаги, балки дунё бўйлаб, жумладан Ўзбекистондаги миллионлаб инсонларни мафтун қилиб қўйишмоқда.

Бу ҳақда кўп гапирилган, аммо қайтариш зарурати ҳали ҳамон улкан – бизда ўшандай тарих йўқми? Нега турк сериалларидаги рангдор ва улуғвор қаҳрамонларга кўз тикиб ҳайратланамиз-у, ўзимизникига беэътибормиз?

Баҳона тайёр – киносаноатимиз имконияти унчалик эмас.

Хўп, кимдир астойдил уриниб кўрдими? Бобур ҳақидаги 10 қисмли, тасвир сифати ҳаминқадар, эски видеофильмни ҳам орзиқиб томоша қиламиз-ку? Нега бу иш давом эттирилмаяпти?

Яқинда Мустақиллик байрамини нишонладик. Кечада марказий нуқта сифатида жадидларга эътибор кўрсатилди. Давлат раҳбари ҳам тарихнинг бу нуқтасида очилмаган саҳифалар бисёрлиги, ўрганилиши, қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини таъкидлади. Аммо жадидлар масаласида ҳам ҳалигача оқсаяпмиз. Олинган бир-иккита фильмларда изчиллик йўқ. Мафкуравий, тарихий томонларини очиб беришга уриняпмиз-у, томошабинни мафтун қилиб оладиган даражада бадиийлаштириб юбора олмаяпмиз.

Энди ўша хориж сериалларига эътибор қаратсак – айримлар уларда тарихий ҳақиқат ўзгартирилган, дейди. Қандини урсин! Улар ўз олдига ҳужжатли ёки илмий-оммабоп фильм яратиш мақсадини қўймаган, қўймайди ҳам. Демак муболағаларга, рангдорлик санъатига, анча-мунча уйдирмаларга ҳам йўл қўйилаверади. Мақсад ягона – сифатли маҳсулот яратиш ва томошабинни жалб қилиш. Қолгани ўз-ўзидан бўлаверади, биз кабилар Султон Сулаймоннинг қудрати ва адолатидан ҳайратланаверамиз, пул топсак Туркияга ошиқаверамиз. Сериаллардаги майда-чуйда камчиликлар, бўрттиришлар билан кимнинг иши бор?

Кўз тегмасин, биз мукаммалликка интилиб йилларни ўтказяпмиз. Ҳатто тарихий фильмларимиз тақдирини қардошларга топшириб, улардан умид қила бошладик ҳам.

Ахир Сулаймон билан замондош бўлган бобурий шаҳзода Акбаршоҳ ундан кам юришлар қилганмиди? Султон Сулаймон-ку, улкан тарихга эга империя, асосан мусулмонларга таянган қудратли давлатнинг давомчиси эди. Акбаршоҳ қийинчилик билан шаклланаётган, диний ва ирқий зиддиятларга кўмилган ҳудудда улкан давлат барпо этган.

Биз Акбаршоҳни ҳануз Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони” асари доирасида биламиз. Яқинда ҳиндлар ишлаган бир фильм намойиш этилди. Унда Акбаршоҳ ўз ўғли Салимга суйган ёрига уйланишга изн бермайди. Аммо Салим фикрида қатъий туради. Ҳиндлар киноасарларда муҳаббат омилини биринчи ўринга қўйишади. Табиийки бу фильмда икки ёшнинг шунча қаршиликларга қарамай сўнмаган муҳаббати биринчи планга олиб чиқилган.

Ёки яна ўша Султон Сулаймонга қайтамиз. Тарих дарсликларида турклар замонавий Австрия пойтахти Вена остонасида мағлуб бўлиб, ортга қайтгани ёзилган. Аммо “Муҳташам юз йил” сериалида Султон қаттиқ совуқ ва узлуксиз жанглар туфайли толиққан аскарларини Вена яқинидан ортга қайтариш тўғрисида буйруқ беради, яъни мағлубият силлиққина ёпиб кетилади.

“Шерюрак” фильмини кўпчилик кўрган. Мел Гибсон жонлантирган Уильям Уоллеснинг қаҳрамонликларидан, ўлимга тик боққанидан ҳаяжонланганмиз. Аммо ўша қаҳрамон Уильям Уоллес ўз юртида 10-15 минг жангчи иштирокидаги кичик жангларда ғолиб бўлган, ўз даврида қисқа муддат жуда обрўли шахс ҳисобланган, ҳануз миллий қаҳрамон даражасида бўлса-да, давлатига барибир мустақиллик туҳфа этолмаган. Нафақат мустақил бўла олмаган, балки нисбатан кичик Шотландия ҳудудида яхлит бирликни таъминлай олмаган ва охир-оқибат шунинг қурбони бўлган. Аммо биз унинг қаҳрамонликлари ҳақидаги оташин фильмни кўзда ёш билан кўрамиз, қалбимизда ўша давр руҳияти уйғонади.

Ана, киноусталар кичик ва кейинчалик аҳамиятсизга айланган ғалаба атрофида муболағалар тўплаб, оламшумул асарлар яратишмоқда. Аммо бизда икки юз минглаб аскарни бошқариб, яна шунча (ёки ундан ҳам кўпроқ) Йилдиримга қарши чиқиб, маҳв этган Соҳибқироннинг шонли жанги ҳақида арзигулик фильм йўқ.

Биз улкан тарихимизни ёритишда 500-1000 ададли журналларга суянган бир пайтда дунё кинематографияси муболағалар, бадиий бўрттиришлар билан ҳаммани ўзига жалб қилиб улгурди. Бошқача айтганда байроқ бошқаларда кетди.

Тўғри, бундай нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор, хорижда ҳам улар ҳануз мавжуд. Лекин кўпроқ турли-туман грантлар, ҳомийлар ёки маълум обуначиларга суяниб чоп этилади. Аммо бугунги кунда улкан тарихни ёрқин тасвирлаб бериш пойгасида фақат бу нашрларга суяниб қолиш ўзини оқламаганини тан олишимиз керак. “Тарихни ғолиблар ёзади” деган нақл бугунги кунда “Тарихни киночилар ёзади” дегандек ўзгариб бораётган бир пайтда биз фақат қоғозга ишониб қолганимиз ғалати бўлмоқда.

Ҳа, гарчи Амир Темурнинг ғолиб бўлгани рад этиб бўлмас факт бўлса-да, лозим даражада ёритиб берилмагани учун Йилдирим олдида, Акбаршоҳ шунча қаҳрамонликлари билан ҳам арзирли бир сериал ёки филмга лойиқ кўрилмагани учун Султон Сулаймон олдида ютқазмоқда.

Айнан бизнинг юртимизда, ўз нигоҳимизда ютқазмоқдами, хорижни қўяверинг энди... 

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид