Ўзбекистон | 10:18 / 08.09.2022
3997
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия авиасозлик соҳасида бир қанча қўшма лойиҳаларни муҳокама қилмоқда

Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев ва ТМЗ бош директори Зафар Исоқов музокаралар ўтказди, унда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ва Россия «Тошкент механика заводи» АЖ (ТМЗ) негизида авиасозлик соҳасида қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси маълум қилди. 

Маълумотларга кўра, Россиянинг республикадаги савдо вакили Константин Злигостев ва ТМЗ бош директори Зафар Исоқов музокаралар ўтказган, унда авваллари Валерий Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси деб аталган завод (ТАПОиЧ) негизида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

«Россия-Ўзбекистон қўшма лойиҳалари бир вақтнинг ўзида турли босқичларда турибди. Ускуналарни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, уларсиз бугунги кунда замонавий авиасозликни тасаввур этиб бўлмайди», — дейилади хабарда. Унда қайд этилишича, ТМЗ Ил-76, Ил-114 самолётлари ва уларнинг модификациялари эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаради ҳамда парвозга яроқлилигини сақлайди.

«Завод ҳудудида янги қувватларни қуриш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда, бу эса келажакда қувватни ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.

ТАПОиЧ 1941 йилда Москва областидаги Химки шаҳридан республикага эвакуация қилинган авиация заводи негизида ташкил этилган. Совет даврида бу ерда Ил-76 ҳарбий транспорт самолётлари ва Ил-114 йўловчи самолётлари йиғилган. 2014 йилда завод «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ юрисдикциясига ўтказилди ва ТМЗ номини олди.

Мавзуга оид