14:03 / 10.09.2022
9004

Оёқости бўлаётган мораторий: Гулистондаги истироҳат боғида 16 туп дарахт кесиб ташланди, 5 туп дарахтга жиддий зарар етказилди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Газета.uz

Сирдарё вилояти прокуратураси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 8 сентябр куни Гулистон шаҳар истироҳат боғи ҳудудида тегишли хулоса ва рухсатномаларсиз, қонунга хилоф равишда 16 туп тол ва терак дарахтлари кесилиб, 5 туп дарахтга жиддий зарар етказилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қурувчи ташкилот тўғридан тўғри тақиққа қарамай, 58 туп дарахтни кесиб ташлаганди. Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан табиатга етказилган 797,7 миллион сўм зарар ташкилот томонидан қоплаб берилган. Ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи қамоққа олинган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 45-бандида дарахтлар ва буталарни Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатномаларисиз кесиш ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.

Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Top