09:10 / 13.09.2022
2637

Европа иттифоқида «омикрон»га қарши яна бир вакцина маъқулланди

Европа комиссияси, ЕДА тавсияларига асосланиб, «омикрон» BA.4 ва BA.5 субвариантларига қарши курашиш учун мўлжалланган яна бир дори воситасидан фойдаланишни маъқуллади. 

Фото: Getty Images

Европа комиссияси (ЕК) «омикрон» варианти BA.4 ва BA.5 турларига мослаштирилган SARS-CoV-2 коронавирусига қарши BioNTech/Pfizer компанияларининг яна бир вакцинасини тасдиқлади. Бу ҳақда 12 сентябр, душанба куни Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен хабар берди,

«Омикрон»нинг турларига қарши курашиш учун янги вакцинадан фойдаланиш аввалроқ Европа дори воситалари агентлиги (ЕДА) тегишли қўмитаси томонидан тавсия этилганди. Агентликнинг таъкидлашича, Comirnaty Original/Omicron BA.4-5 билан такрорий эмлаш 12 ва ундан катта ёшдаги одамларга тавсия этилади. 

«Биз ковид ҳанузгача таҳдид эканини биламиз. Шунинг учун ҳозиргина ЕДА тавсияси асосида BioNTech/Pfizer бустерини маъқулладик. Бу кузда хавфсизроқ бўлишимизга ёрдам беради. Эмлаш ҳали ҳам COVID-19’дан ҳимояланишнинг энг яхши усули ҳисобланади», - деб ёзди фон дер Ляйен Twitter’да.

ЕДА қарори 1 сентябрда тасдиқланган Comirnaty Original/Omicron BA.1 янги вакцина прекурсорининг клиник синовларига асосланган. Дори таркиби вакцинанинг янги версиясига жуда ўхшайди, дейилади регулятор баёнотида. 

Comirnaty Original/Omicron BA.4-5 бўйича клиник тадқиқотлар давом этмоқда, дея қўшимча қилди ЕДА. 

Роберт Кох институти маълумотларига кўра, ўтган кун давомида Германияда яна 54 930 кишида COVID-19 аниқланган ва 90 бемор вафот этган. Пандемия бошланганидан бери Германияда 32,5 миллион кишида инфекция аниқланган, улардан 148 389 нафари вафот этган, 31,7 миллиони тузалиб кетган. BA.4 и BA.5 «омикрон» субвариантлари ҳозирда Германияда SARS-CoV-2 вируси билан касалланишнинг деярли барча аниқланган ҳолатларини ташкил этади, дея хабар қилди dpa агентлиги. 

12 сентябр ҳолатига кўра, Германияда коронавирусга қарши 184,9 миллион эмлаш амалга оширилган. Мамлакат аҳолисининг 76,3 фоизи тўлиқ эмланган, аҳолининг 62,1 фоизи эса вакцинанинг бустер дозасини олган. 

Top