Жаҳон | 09:14 / 15.09.2022
2150
3 дақиқада ўқилади

Суд Google’нинг ЕИдаги 4,3 млрд евролик жаримага қарши шикоятини рад этди

Люксембург суди Еврокомиссиянинг Google’ни монополияга қарши қоидаларни бузгани учун жаримага тортиш қарорини тасдиқлади, бироқ жарима миқдорини 4,125 миллиард еврогача камайтирди. 

Фото: Getty Images

Европа умумий юрисдикция суди Google компаниясининг монополияга қарши қонунчиликни бузганлик учун компанияни жаримага тортиш тўғрисидаги 2018 йилдаги Европа комиссияси (ЕК) қарори устидан берилган шикоятини рад этди. Бироқ, 14 сентябр, чоршанба куни эълон қилинган суд қарорига кўра, жарима миқдори 4,34 миллиард евродан 4,125 миллиард еврога камайтирилди. 

«Умумий юрисдикция суди Европа комиссиясининг Google қидирув тизими устунлигини мустаҳкамлаш мақсадида Android мобил қурилмалари ишлаб чиқарувчилари ва мобил алоқа операторларига ноқонуний чекловлар қўйгани ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди, - дейилади Люксембургда жойлашган Европа иттифоқи суди баёнотида. - Ҳуқуқбузарликнинг жиддийлиги ва давомийлигини яхшироқ акс эттириш учун, суд Google компаниясига 4,125 миллиард евро миқдорида жарима солишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади, чунки унинг асослари Европа комиссиясининг фикридан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилади». 

Google суд қароридан норозилигини билдирди. «Суд қарорни тўлиқ бекор қилмаганидан ҳафсаламиз пир бўлди. Android ҳамма учун кўпроқ имкониятлар яратди, Европа ва бутун дунёда минглаб муваффақиятли компанияларни қўллаб-қувватлади», — дейилади компания баёнотида. Европа умумий юрисдикция судининг қарори устидан Европа иттифоқининг олий судига – Европа судига шикоят қилиш мумкин. 

Умуман олганда, Европа комиссияси Америка интернет концернига учта айблов қўйди. Аввало, Google компаниясининг Android тизимидан фойдаланадиган телефонлар ишлаб чиқарувчилари доимо концерн томонидан ишлаб чиқилган 11 та дастурлар пакетини ўрнатиши ҳақидаги талаби танқид қилинди. Бундан ташқари, Еврокомиссия корпорациянинг ишлаб чиқувчилар Android асосида ўз операцион тизимларини яратиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги талабини қоралади. Учинчи айблов Google қидирув тизимидаги рекламадан тушган даромадни фақат ўз телефонлари ва планшетларида компания маҳсулотларидан фойдаланадиган қурилмалар ишлаб чиқарувчилари билан бўлишишига боғлиқ. 

Android операцион тизими дунёдаги энг оммабоп ҳисобланади - у смартфонларнинг 70 фоиздан ортиғига ва планшет компьютерларнинг тахминан 45 фоизига ўрнатилган. Ҳозирги жарима, унинг камайтирилишига қарамай, Еврокомиссия томонидан алоҳида компанияга қўйган энг катта молиявий жазо бўлди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид