Жаҳон | 13:28 / 15.09.2022
7548
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия аскарлари - тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонлар

Украина президенти Россиянинг Кривий Ригга ракета ҳужумини кескин танқид қилди, бунинг натижасида Карачуни сув омбори тўғони зарар кўрди. У рус аскарларини тинч аҳолига қарши курашда айблади.

Фото: Insider

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг ўзи туғилиб ўсган Кривий Риг шаҳрига ракета ҳужумларини кескин танқид қилди, бу Карачуни сув омбори тўғонига зарар етказди ва шаҳарнинг катта қисмини сув остида қолдирди. 14 сентябр, чоршанба куни кечки пайт урушнинг 203-куни якунлари бўйича Украина халқига мурожаат билан чиқиш қилган Зеленский, шунингдек, рус ҳарбийларига рус тилида мурожаат қилиб, уларни «тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонлар» деб атади.  

«Бугун сизнинг ракета ҳужумларингиз, Россия ракеталарининг Кривий Ригга, Карачуни сув омбори тўғонига, умуман ҳарбий аҳамиятга эга бўлмаган объектларга, аслида юз минглаб оддий фуқароларга берган зарбаси - бу Россия ютқазишининг яна бир сабаби. Нафақат бу урушни, балки тарихни ҳам ютқазади. Тарихни инсонлар ёзади, инсон бўлмаганлар эмас. Тарихда ким бўлиб қоласиз? Бу ракеталар билан зарба берганлар бўлиб. Еримизга бостириб кирганлар сифатида. Нимжонлар. Сизлар - тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонсиз. Жанг майдонидан қочиб, узоқдан қаердандир зарар етказмоқчи бўлган қабиҳлар. Сизлар ўз набираларингиз уяладиган террорчи бўлиб қоласиз», — деди Зеленский. 

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, рус аскарлари учун ягона йўл - Украина кучларига таслим бўлиш. «Фақат бу уларга барча конвенцияларга мувофиқ ҳаёт ва муносабатни сақлаб қолишни кафолатлайди. Ҳар бир рус аскари аллақачон тушуниши керак эдики, фақат Украина асирлигида ҳеч ким Россия учун мағлуб урушда уни ўлжа сифатида ишлатмайди», - деди Украина президенти.

Зеленский Кривий Ригдаги тўғонга ракета зарбаси рус аскарларининг руҳий ҳолатини яхшиламайди, деган фикрни билдирди. «Улар Россия қўмондонлиги қобилиятсизлигини ва Украинада ҳар томонлама мағлуб бўлишларини тушунишди. Россия буни ҳеч қандай террор билан тузата олмайди, чунки террор фақат ундан фойдаланаётганларнинг заифлигини тасдиқлайди», деб тушунтирди Зеленский украин тилида. 

14 сентябр куни Россия қўшинлари «Кинжал» ва «Искандер» ракеталари билан шаҳарнинг гидротехника инфратузилмасини ўққа тутди, деди Кривий Риг ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул. Натижада Ингулец дарёсида сув сатҳи икки-уч метрга кўтарилган. 

Вилкулнинг сўзларига кўра, 112 та хусусий уй ва далаҳовлилар сув остида қолган. Кечаси аварияни бартараф этиш учун дарё ўтказувчанлигини ошириш мақсадида тўғоннинг бошқариладиган портлашлари амалга оширилди. 15 сентябр куни эрталаб дарёда сув оқими камайиб, сатҳи пасая бошлади. 

Россия ва Украина манбаларига кўра, тўғонга зарба бериш орқали рус қўшинлари Украина Қуролли кучларининг Ингулец орқали Херсон йўналиши бўйлаб ўтишини секинлаштиришга ҳаракат қилган. 

Мавзуга оид