Спорт | 20:14 / 20.09.2022
37084
7 дақиқада ўқилади

Салоҳ қиролича хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва Мисрда балога қолди

«Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Буюк Британия қироличаси вафоти туфайли таъзия изҳор қилди. Аммо баъзи мисрликлар унинг хатти-ҳаракатларини қоралашди. Улар ўтмишда Буюк Британия ҳарбийларининг Мисрга қилган ҳужуми туфайли қиролича таъзияга лойиқ эмас деб ҳисобламоқда. 

Фото: Getty Images

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 20 сентябр куни дафн этилди. «Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва ижтимоий тармоқда таъзия сўзларини ёзиб қолдирди. 

«Бугун Буюк Британия ва бутун дунё халқлари Ҳазрати Олиялари қиролича Елизавета II хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда. Мероси ва собит хизматини қайд этган ҳолда, у билан хайрлашмоқда. Ушбу тарихий ва ҳиссиётли кунда қироллик оиласига ҳамдардлик билдираман», деб ёзганди у ижтимоий тармоқда. 

Қиролича Елизавета II 70 йиллик ҳукмронликдан сўнг 8 сентябр куни вафот этди. Унинг ўлими ва кейинги мотам даври туфайли «Ливерпул»нинг «Вулверҳэмптон» билан «Челси»га қарши ўйинлари бошқа санага қолдирилди. 

Муҳаммад Салоҳнинг таъзияси ватани Мисрда жуда катта шов-шувга, кенг миқёсдаги муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Сабаби – Буюк Британиянинг XX асрда Мисрга нисбатан олиб борган мустамлакачилик сиёсати эди. Кўплаб мисрликлар ижтимоий тармоқларда «Ливерпул» ҳужумчисини танқидларга кўмиб ташладилар. 

Soriddo7: «Қулоқ сол Мо, сени 2014 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келяпман ва келажакда ҳам қўллаб-қувватлайман. Сен менинг ва кўпчилик мисрликларнинг орзуси тимсолисан. Балки сенга шундай ёзишни буюришгандир, аммо унинг 1956 йилда Уч давлат тажовузини бошлаш учун буйруқ берганини оқлаб бўлмайди. Ким сенга буни ёзишни маслаҳат қилган бўлса, у ҳақиқий ливерпуллик эмас. У қироличанинг Миср ва «Ливерпул»га нисбатан қилган нолойиқ хатти-ҳаракатларини билмайди». 

Frankie Saly: «Бундай деб ёзишдан олдин, унинг арабларга нисбатан нима қилганини, унинг тарихини ўқи». 

Ahmed Orban: «Мисрликнинг қиролича ҳақидаги жирканч пости. Мо, у том маънода бизни ва бутун дунёни азоблаган». 

IAys11: «Сен араблар вакилисан, шуни унутма. Сен жуда катта таъсирга эгасан. «Муҳим ишлар қиляпман» деб бундай нарсаларни ёзишингни оқлаб бўлмайди». 

Ray0ni: «Азбаройи Худо, бу фалокат, бундай ёзувни оқлаб бўлмайди. Британия ватанимизда нима қилганини ҳамма билади». 

Mr Mohamed Atef: «Афсуски, у фақат шон-шуҳратни ўйлайди». 

M0tb7: «Бундай ёзишинг шарт эмасди, бу билан уларнинг ҳурматини қозона олмайсан. Миср ва мусулмонларнинг душманлари ҳурматга ва ҳамдардликка лойиқ эмас. Сен араб жамиятининг Европадаги вакилисан. Бунга бошқача қарашинг керак эди. Нималар қиляпсан ўзи?» 

Arab Guy: «Британия армияси ҳали ҳам Аҳмад Уробийга қарши ғалабани нишонлаяпти. Бу қолоқ одам эса у билан хайрлашмоқда». 

Ben Hamoda: «Тарих китобини сотиб олиш қимматга тушмайди». 

Abdul: «У қалбини сотишни ёқтиради». 

Мисрликлар нимани назарда тутишяпти, қиролича Елизавета II ҳақиқатдан ҳам бу давлатга нисбатан нотўғри сиёсат юритганми, Муҳаммад Салоҳ адашдими? 

Сувайш канали ёки «Уч давлат тажовузи» 

Миср ҳудудидан ўтувчи ва Ўрта Ер денгизи билан Қизил денгизни боғловчи 160 км узунликка эга Сувайш канали Франция-Миср лойиҳаси асосида қурилиб, 1869 йилда очилган эди. Кейинчалик, Миср давлат қарзлари билан боғлиқ муаммога дуч келди ва канал акцияларининг 44 фоизини Буюк Британияга сотишга мажбур бўлди. 

Сувайш канали Европадан Узоқ Шарққача бўлган транспорт йўлини 8 минг километрга қисқартирди. У Британия учун ҳам катта стратегик аҳамиятга эга эди. Чунки империянинг чекка ҳудудлари ўртасидаги транспорт қатновини сезиларли даражада осонлаштирди. XX асрга келиб, канал қўшимча аҳамият касб эта бошлади – Европадан Форс кўрфазининг нефт конлари сари йўлни бир неча баробар қисқартирди. 

Каналнинг Миср томонидан миллийлаштирилиши 

1956 йил 26 июл куни Жамол Абдунносир ҳукумати Сувайш канали миллийлаштирилишини эълон қилди. Буюк Британия ва Франция қўлида бўлган канал акциялари қиймати бозор нархида қоплаб бериладиган, каналдан олинадиган даромад Миср бюджетида қоладиган, улар келажакда Асван тўғонини қуришга сарфланадиган бўлди. 

Аммо каналнинг миллийлаштирилиши Буюк Британия ва Франция учун кутилмаган воқеа эди. Ундан юкларни, биринчи навбатда, нефтни ташишда фаол фойдаланган Ғарб давлатлари, шунингдек, АҚШ манфаатларига зарар етар эди. Канал миллийлаштирилгандан кейинги кун, 1956 йил 27 июлда Буюк Британия ва Франция ҳукуматлари Исроил билан ҳамкорликда Мисрга қарши ҳарбий операция ўтказиш тўғрисида махфий қарор қабул қилишди. 

Ҳарбий ҳаракатлар 

1956 йил 29 октябрда Мисрга нисбатан «Уч давлат тажовузи» деб номланган ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Исроил қўшинлари Миср армиясининг Сино яриморолидаги позицияларига ҳужум қилишди. 

31 октябр куни Британия ва Франция қуролли кучлари Миср аэродромларини бомбардимон қилиб, ҳаво кучларининг ҳаракатларини фалаж қилди. Денгиздан қилинган ҳужумлар оқибатида Миср ҳарбий кемалари чўктирилди. Тўрт кунлик ҳужум давомида Миср армияси 400 дан ортиқ зирҳли техникасидан айрилди. 2 мингга яқин ҳарбий, 3 мингдан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлди. 

Инқирознинг охири 

1956 йил 2 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг фавқулодда сессияси ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, барча уч давлат қўшинларини Миср ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва Сувайш каналини очишни талаб қилди. 

6 ноябрда сулҳ битими кучга кирди ва 15 ноябрда канал ҳудудига БМТ ҳарбий кучлари жойлаштирилди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг биринчи тинчликпарвар операцияси эди. 

Буюк Британия ва Франция халқаро изоляция ва глобал уруш таҳдиди остида 1956 йил декабрда Мисрдан ўз қўшинларини олиб чиқишга мажбур бўлди. Исроил ҳарбийлари 1957 йил март ойида Мисрни тарк этди. 

Сувайш инқирози натижасида Буюк Британия ўзининг супер давлат мақомини йўқотди. Ривожланаётган мамлакатларнинг Мисрга ҳамдардлиги эса Британия ва бошқа давлатлар истилосидан халос бўлиш жараёнларини тезлаштирди.

Мавзуга оид