Жаҳон | 16:53 / 22.09.2022
17006
4 дақиқада ўқилади

Британия: «Путин жиддий сиёсий таваккалчиликка боряпти»

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, сафарбарлик доирасида чақирилганлардан ташкил топган бўлинмалар яқин ойларда жанговар шай ҳолатга келиши даргумон.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путиннинг «қисман сафарбарлик» тўғрисидаги эълони, Британия Мудофаа вазирлигига кўра, Россия Украинада жанг қилишга тайёр кўнгиллилар захирасини тугатганини амалда тан олганликдир. «Ҳатто бу қисман сафарбарлик Россия аҳолисининг бир қисмига жуда ёқмаслиги мумкин. Путин жуда зарур бўлган жанговар кучни яратиш умидида катта сиёсий таваккалчиликка боряпти», — деб ёзди идора 22 сентябр, пайшанба куни Twitter’да.

Унинг фикрича, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини ёллаш билан ҳам, Россия ҳукумати моддий-техник ва маъмурий муаммоларга дуч келади. Катта эҳтимол билан улар сафарбарликка чақирилганлардан янги тузилмалар яратишга ҳаракат қилади, бироқ аскарлар бир неча ой давомида жанговар шай ҳолатга келиши даргумон, деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги. 

Ўз навбатида, Америка урушини ўрганиш институти (ISW) фикрича, Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги баёноти Россия фронтдаги муваффақиятсизликлар фонида дуч келаётган кўплаб муаммоларни акс эттиради, аммо уларни яқин келажакда ҳал қилиб бўлмайди. Таҳлилчиларга кўра, Путиннинг буйруғи «яқин ойларда Россияда қудратли жанговар куч пайдо бўлишини англатмайди». 

«Бу 2023 йилда Россия қуролли кучлари сонининг ҳозирги даражасини Россия йўқотишларини қоплаш орқали ушлаб туриш учун етарли бўлиши мумкин, аммо бу ҳам ҳали аниқ эмас», - дейилади маълумотда. Шу тариқа, Россиядаги сафарбарлик Украинани қишда босиб олинган ҳудуди катта қисмини озод қилиш имкониятидан маҳрум қилмайди, деди шарҳ муаллифлари. 

21 сентябр куни эрталаб Путин мамлакат фуқароларига мурожаат билан чиқиб, «ватан ва яхлитликни ҳимоя қилиш» учун қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Шу билан бирга, у ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган ҳудудлар, шунингдек, Харкив ва Запорижжя областлари оккупацион ҳокимиятининг Россия таркибига қўшилиш учун референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорига ишора қилди. Тегишли фармон аллақачон имзоланган, Федерал мажлис палаталари қарор ҳақида хабардор қилинган ва бугун сафарбарлик бошланади, деди Путин.  

«Ҳарбий хизматга фақат захирадаги ва биринчи навбатда қуролли кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, маълум ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар қисмларга жўнатилгунга қадар қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтказилади», — дея қўшимча қилди у. Ўз навбатида, мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик доирасида 300 минг захирадаги аскар чақирилишини айтди. 

Шундан сўнг, «Весна» ёшлар демократик ҳаракати россияликларни Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишига чиқишга чақирди. «Минглаб рус эркаклари - оталаримиз, укаларимиз ва эрларимиз уруш гўшт майдалагичига ташланади. Улар нима учун ўлади? Оналар ва болалар нима учун кўз ёшларини тўкади? Путин саройи учунми?» - деб ёзган фаоллар.

Мавзуга оид