Жаҳон | 14:03 / 23.09.2022
10428
4 дақиқада ўқилади

Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида «референдумлар» бошланди

Херсон, Запорижжя, Луҳанск ва Донецк областларининг эгаллаб олинган қисмларида Россия таркибига қўшилиш бўйича «референдум» деб номланган тадбир бошланди.

Фото: ТАСС

Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида минтақаларнинг Россия таркибига кириши бўйича «референдумлар» бошланди, деб хабар бермоқда 23 сентябр, жума куни Россия агентликлари. 

«ДХР», «ЛХР», Запорижжя ва Херсон областларида «сайлов участкалари» очилди. Барча ҳудудларда «овоз бериш» 27 сентябргача давом этади. Шунингдек, Россияда «овоз бериш» учун сайлов участкалари очила бошлади, бу ерда, расмий маълумотларга кўра, қочқинлар овоз беради. 

ТАСС’нинг ёзишича, «хавфсизлик учун» биринчи тўрт кун ичида эгаллаб олинган ҳудудларда «овоз бериш» уйлар ҳудудида ва аҳолини мақсадли йўқлаб бориш йўли билан ўтказилади. 

«ДХР» ва «ЛХР»да маҳаллий аҳоли «республиканинг Россия субъекти ҳуқуқи асосида Россия таркибига қўшилиши»ни қўллаб-қувватлайдими, деган масала «овозга» қўйилди. Ишғол қилинган Запорижжя ва Херсон областларида сайлов бюллетенларида «Сиз Украинадан ажралиб чиқиш, мустақил давлат ташкил этиш ва Россия таркибига Россия субъекти ҳуқуқи асосида кириш тарафдоримисиз?» деган савол бор. 

Қўшма Штатлар, Европа иттифоқи давлатлари ва НАТО «референдумлар» Россиянинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига тажовуз қилиши эканини ва ҳеч ким «Россиянинг аннексия қилинган ҳудудларга даъволарини» тан олмаслигини бир неча бор таъкидлади. 

Хусусан, Франция президенти Эммануэл Макрон «референдумлар»ни «пародия ва сурбетлик» деб атади. Уларни ўтказиш ғояси «агар бу жуда фожиали бўлмаганида, кулгили бўлар эди», дея қўшимча қилди у. Германия канцлери Олаф Шолц ҳам Германия «бу хаёлий референдумларни» тан олмаслигини бир неча бор айтди ва уларни қабул қилиб бўлмас деб атади. 

«Россия, унинг сиёсий раҳбарияти ва ушбу «референдумлар» ҳамда Украинадаги халқаро ҳуқуқнинг бошқа бузилишига алоқадор барча шахслар жавобгарликка тортилади», — деди Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. Бундан ташқари, Брюссел Москвага қарши «қўшимча чеклов чораларини кўриб чиқади», деди у. 

«Биз ҳеч нарсамиздан воз кечмаймиз ва агар босқинчилар ушбу сохта референдумларни ўтказса, улар Украина ва эркин дунё билан музокаралар ўтказиш имкониятини ўзлари учун ёпади, бу эса Россия томонига маълум бир дақиқада аниқ керак бўлади», дея Украина президенти Володимир Зеленский август ойида «референдумлар» ҳақида фикр билдирганди. 

Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида сохта «референдумлар» халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деди президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк. «Россия тарғиботчилари «референдумлар»га дармон сифатида ошиқ бўлиб қолган. Улар учун ёмон хабар бор. Глобал консенсус ва халқаро ҳуқуқ мавжуд. Албатта: Донецк, Луҳанск, Қрим - бу Украина. Байроқларни қайта бўяшга уринишлар - уйдирма, бу шериклар учун ҳам, биз учун ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди», — деб ёзган Подоляк. 

Мавзуга оид