07:49 / 24.09.2022
2207

Фармацевтика учун айрим хомашё ва ускуна турлари бождан озод қилинди

Вазирлар Маҳкамаси “Божхона божларидан озод қилинадиган технологик ва лаборатория ускуналари, улар бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, хомашё ва материаллар, тиббий буюмлар ва қадоқлаш материаллари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан божхона божидан озод қилинадиган, қуйидагиларни ўз ичига олган материаллар ва ускуналар рўйхати тасдиқланди:

  • фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, фармацевтика маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан олиб келинадиган лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё ва материаллар, тиббий буюмлар ва қадоқлаш материаллари рўйхати;
  • технологик ва лаборатория ускуналари, улар бутловчи ва эҳтиёт қисмлари рўйхати;
  • фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари рўйхати.

 
Божхона кодексига мувофиқ товарлар шартли чиқариб юборилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, берилган божхона имтиёзлари бекор қилинади.

Top