09:12 / 28.09.2022
5048

Европарламент собиқ депутати Россия фойдасига жосуслик қилгани учун 5 йилга қамалди

Суд қарорига кўра, 2012 йилдан 2014 йилгача Ковач Россия махсус хизматлари билан ҳамкорликда Россия манфаатларини кучайтириш ва Европа иттифоқи сиёсатини заифлаштириш билан шуғулланган.

Фото: Index

Венгрия Олий суди Европарламентнинг ўнг радикал миллий партиядан собиқ депутати Бела Ковачни Россия фойдасига жосуслик қилганликда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар бермоқда 27 сентябр, сешанба куни Mandiner нашри.

Ковач, шунингдек, бюджетдаги фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда ҳам айбдор деб топилди. Унга қамоқ жазосидан ташқари 10 йил давлат лавозимларида ишлаш ҳам тақиқланган. Ковач жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтаганидан сўнг шартли озодликка чиқиш ҳуқуқига эга бўлади, деб ёзади Mandiner. Ковачнинг ўзи судда иштирок этмаган ва ҳозир Москвада.

Айбловнинг моҳияти шундан иборат эдики, Ковач 2012 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда Россия махсус хизматлари вакиллари билан мунтазам учрашиб, уларга энергетика масалалари, Европа парламентига сайловлар ва Венгриядаги ички сиёсий вазият ҳақида маълумот бериб турган. Мақсад - «Европа парламенти таркибида очиқдан очиқ европага қарши лагер яратиш, Европа ҳамжамиятлари институтларини ичкаридан бузиш ва Россия манфаатларига устунлик бериш», дея хулоса қилди суд.

Учрашувлар чоғида Ковач россиялик разведка ходими билан «Газпром», Европа иттифоқи санкциялари, Украинадаги вазият ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қилган.

Шу билан бирга, 2020 йилда биринчи инстанция суди Ковачнинг фақат очиқ маълумотларга эга эканлигини ва уни бериш орқали «Россия манфаатларига ёрдам берган, аммо Европа иттифоқи манфаатларига зарар етказмаган» деб топди. Апелляция жараёнида ҳакамлар ҳайъати 2014 йилда Ковач Европа иттифоқининг энергия сиёсати ҳақидаги махфий маълумотларни Россия разведкаси билан ўртоқлашганини аниқлади.

Top