Жаҳон | 10:15 / 11.04.2024
1838
3 дақиқада ўқилади

Европарламент бошпана тўғрисидаги қонунчилик ислоҳ этилишини маъқуллади

Европа парламенти аъзолари 2015 йилдан бери тайёрланаётган ва нисбатан хавфсиз мамлакатлардан бошпана изловчиларга нисбатан сиёсатни кучайтирувчи қонунчилик ташаббуслари пакетини маъқуллади.

Фото: Emilio Morenatti/picture alliance/AP Photo

Европарламент Европа Иттифоқининг бошпана тўғрисидаги қонунини кенг қамровли ислоҳ этиш бўйича якуний қарорини қабул қилди. 10 апрел, чоршанба куни Брюсселда ЕП аъзолари 2015 йилдаги миграция инқирозидан бери муҳокама қилинаётган ушбу ислоҳот доирасида барча ўнта қонунчилик ташаббусини қабул қилди.

Қонунлар тўплами, жумладан, ташқи чегараларда бошпана изловчилар учун тартиб-қоидаларни тезлаштиришни назарда тутади. Европа Иттифоқида қолиш имконияти кам бўлганлар чегарада қабул қилинган қарорлар билан тезроқ депортация қилинади. 

Ислоҳотнинг таркибий қисмларидан бири бошпана изловчиларни Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида тақсимлаш бўйича бирдамлик механизми ҳисобланади. Бу шуни англатадики, мигрантлар Европа Иттифоқига кирган биринчи мамлакатларда - Италия, Греция, Испания, Кипр, Малтада - бошпана изловчилар сони ҳаддан ташқари кўп бўлса, бошқа Европа Иттифоқи мамлакатлари бошпана изловчиларни квота тизими бўйича қабул қилишга мажбур бўлади. Агар бирон-бир давлат қочқинларни қабул қилишдан бош тортса, улар молиявий ёрдам кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, иммиграция оқими кескин ошган ҳолларда ҳаракат қилиш тартибга солинди. 

Метсола: Бирдамлик ва масъулият ўртасидаги мувозанат 

Тасдиқланган ўзгаришлар тўплами «бирдамлик ва масъулият ўртасидаги мувозанатни» сақлайди, деб ёзди Европарламент раиси Роберта Метсола ижтимоий тармоқда. «Биз ЕИда миграция ва бошпана бериш муаммоларини ҳал қилиш учун ишончли қонунчилик базасини яратдик. Уни яратиш учун 10 йилдан кўпроқ вақт кетди. Лекин биз ўз сўзимизда турдик», деди у. 

Ислоҳот нисбатан хавфсиз мамлакатлардан келган мигрантлар учун қоидаларни қатъийлаштиради. У Европа Иттифоқига ноқонуний иммиграцияни чеклаши ва ноқонуний иммиграциянинг асосий қисми тўғри келадиган Италия, Греция ва бошқа мамлакатлар юкини енгиллаштириши керак. Европарламент томонидан маъқуллангандан сўнг, ислоҳот Европа Иттифоқи кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим, сўнгра Европа Иттифоқи мамлакатлари икки йил ичида миллий қонунчиликни унга мувофиқлаштиришга мажбур бўлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид