Жаҳон | 15:29 / 12.04.2024
3698
4 дақиқада ўқилади

Европарламент Украина туфайли бюджет бўйича қарорни қабул қилмади

Европарламент Европа Иттифоқи кенгашининг бюджети бўйича қарорини кейинга қолдириб, уни зарур Patriot ҳаво мудофаа тизимларини Украинага топширишга чақирди ва Россиянинг Украина инфратузилмасига янги қатор ҳужумларига ишора қилди.

Фото: Geert Vanden Wijngaert/AP Photo/picture alliance

Европа парламенти Европа давлатлари Украинага Россия ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун қўшимча Patriot ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бермагани учун Европа Иттифоқи кенгашининг молиялаштириш бўйича қарорини кейинга қолдирди. Бу ҳақда Европарламентдаги Литва делегацияси раҳбари Андрюс Кубилюс 11 апрел, пайшанба куни ижтимоий тармоқларда маълум қилди. 

Айни пайтда, «Европа ҳақиқати»нинг ёзишича, Европа Иттифоқи кенгашининг бюджетни тасдиқлаш ҳақидаги қарорини кейинга қолдириш ташаббуси белгиялик депутат Ги Верхофстадтдан чиққан. Ўз нутқида у Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига янги қатор ҳужумлари ва Киевни қўшимча Patriot тизимлари билан таъминлаш зарурлигига ишора қилди. Шу билан бирга, у Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел маълумотларига таяниб, Европа Иттифоқида 100 та шундай тизим мавжудлигини ва Украина улардан еттитасини беришни сўраганини таъкидлади. 

Верхофстадт таклифини Европарламентнинг 515 аъзоси қўллаб-қувватлади, 62 нафари қарши овоз берди. «Европа кенгаши Украинани қўшимча Patriot ракетага қарши мудофаа тизимлари билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилмагунча парламент кенгаш бюджетини бажаришдан бош тортади!» - деб ёзди Верхофстадт X ижтимоий тармоғида. 

Қарор рамзий маънога эга

Бироқ DW’нинг Европарламентдаги манбасига кўра, бюджетни тасдиқлашни кейинга қолдириш ҳақидаги қарор фақат рамзий аҳамиятга эга. DW суҳбатдоши сўзларига кўра, гап либерал фракция раҳбарияти томонидан билдирилган Украина билан бирдамлик кўрсатилиши ҳақида кетмоқда, «аммо бу Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг украиналикларни зарур ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлаш тўғрисидаги қарорига қандайдир тарзда таъсир қилиши даргумон».

Шу билан бирга, бундай қадам европаликларга Украина зудлик билан ҳаво мудофаасига муҳтожлигини ва ҳозирги вазиятда барча мавжуд воситаларни ишга солиш зарурлигини эслатишнинг яна бир усулидир, деб ҳисоблайди у. 

РФнинг Украинага янги кенг кўламли ҳужумлари 

11 апрелга ўтар кечаси Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига кенг кўламли қўшма авиазарба берди. «Душман яна бизнинг энергетика инфратузилмамизга ҳужум қилмоқда. Харкив, Запорижжя, Лвив ва Киев вилоятларидаги ишлаб чиқариш иншоотлари ва электр узатиш тизимларига ҳужум қилинди», деб ёзди Украина энергетика вазири Герман Галушченко. Бундан ташқари, Одесса вилоятидаги энергетика иншооти шикастланган ва Киев вилоятидаги Триполская иссиқлик электр станцияси бутунлай вайрон қилинган. Харкив ва минтақада камида ўнта портлаш содир бўлди. Ҳужум пайтида «Нафтогаз»нинг иккита ерости газ омбори ҳужумга учради. 

Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Украина ҳудудига сўнгги ҳужумда Ту-95 бомбардимончи самолётлари ва МиГ-31 қирувчи самолётлари иштирок этган, улар қанотли ва аэробаллистик «Кинжал» ракеталарини отган. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия зарбалар пайтида 40 дан ортиқ ракета ва 40 та учувчисиз учоқдан фойдаланган. 

Куни кеча Россия баллистик ракеталари Одесса вилоятига зарба берди, оқибатда тўрт киши, жумладан, 10 ёшли қиз ҳалок бўлди, яна 14 киши, хусусан, тўрт ёшли бола жароҳатланган эди. 10 апрелга ўтар кечаси Россия авиациясининг аввалги ҳужумидан сўнг Одесса ва Миколайив вилоятларида энергетика объектлари шикастланганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид