Жаҳон | 08:22 / 29.09.2022
12091
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Германия разведкаси Украинага Россия қўшинлари ҳақидаги маълумотларни беряпти

Немис разведкаси Украинага рус қўшинларининг ҳаракати ҳақидаги маълумотни беряпти ва Украинадаги рус аскарлари ўртасидаги ўзаро суҳбатларни ёзиб оляпти, дея хабар беради Die Zeit ва ARD.

Фото: Reuters

Германия Федерал разведка хизмати (BND) Украина Қуролли кучларини Россия армиясининг позициялари ва ҳаракатлари кўрсатилган сунъий йўлдош маълумотлари билан таъминлаяпти ва рус аскарлари ўртасида жанговар қобилият ва руҳий ҳолат таҳлилини ўтказяпти. 28 сентябр, чоршанба куни Die Zeit газетаси ARD телекомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот натижалари ҳақида хабар берди.

ОАВ маълумотларига кўра, май ойидан бери BND Украина разведкасига Германия Россия билан ҳамкорликда ўтмишда орбитага чиқарган, Бундесверга тегишли SAR-Lupe разведка тизими ёрдамида олинган 100 дан ортиқ матнли ҳисобот ва сунъий йўлдош тасвирларини топширган. Ушбу маълумотлар, жумладан, Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудидаги рус қўшинларининг ўқ-дорилар омборлари жойлашган жойни ва «Россия самолётларининг аниқ жойлашуви ва сони кўрсатилган аэродромни» аниқлашга имкон берадиган тасвирларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари BND рус аскарларининг радиохабарлари ва мобил телефон қўнғироқларини қайд этгани, шунингдек, Россия қўшинларининг Украинага юборилган бўлинмаларида жанговар самарадорлик ва руҳий ҳолатни таҳлил қилганини таъкидлайди.

Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, немис разведкаси халқаро ҳуқуқни бузмаяпти, чунки у маълумотларни бир ҳафтагача кечикиш билан узатяпти, сунъий йўлдошдан суратлар олиш эса фақат Украина ҳудудида амалга ошириляпти. Идора Россия томони узатилган маълумотлардан хабардор деб тахмин қилмоқда, бироқ Германия кузатаётган бир неча кунлик «ойна» уни Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашувчига айлантирмайди.

The New York Times аввалроқ ёзганидек, сентябр ойида Украина Қуролли кучлари қарши ҳужумни режалаштираётганда, мамлакат Америка махсус идоралари билан разведка маълумотларини алмашган. Баъзи америкалик расмийларнинг таъкидлашича, украиналик ҳарбийлар муваффақиятли ҳаракатлари Россияни зарба бериш йўлларини излашга олиб келади - бунга Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудида «референдумлар»ни шошилинч равишда ташкил этиш, Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган сафарбарлик реакция бўлган бўлиши мумкин. Германия собиқ канцлери Ангела Меркел Россияда Путин ва унинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини жиддий қабул қилишга чақирди.

Харкив областидаги қарши ҳужумдан бир неча ҳафта олдин Украина ҳукумати мамлакат жанубида қарши ҳужум бошланганини эълон қилди. Бу тактика 2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан бери украиналикларни ўргатаётган АҚШ махсус амалиёт кучлари томонидан қўлланиладиган стандарт алдов тактикасидир, дея эслатади нашр.

Мавзуга оид