Жаҳон | 14:33 / 30.09.2022
5897
2 дақиқада ўқилади

АҚШ: «Шимолий оқим»даги сизиб чиқишларда ким айбдор экани ҳали аниқ эмас

АҚШ Мудофаа вазири Остин тергов натижаларини кутишга чақирди. Уларсиз ҳеч ким ҳақиқатда нима бўлганини аниқлай олмайди, деб тушунтирди у.

Фото: Getty Images

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларига етказилган зарарлар ортида ким тургани ҳақида тахмин қилишга ҳали эрта. «Ўйлайманки, ҳозирда қувурларга ҳужум ёки шикастланиш ҳақида жуда кўп миш-мишлар бор. Лекин очиғини айтганда, тўлиқ тергов ўтказилмагунча, ҳеч ким ҳақиқатда нима бўлганини аниқ айта олмайди», - деди у Ҳавайида пайшанба, 29 сентябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Остиннинг айтишича, у воқеани бир кун олдин даниялик ҳамкасби билан муҳокама қилган ҳамда у «воқеа жойини кўриб чиқиш ва иложи борича ҳақиқатда нима бўлганини аниқлаш учун мос жамоани шакллантириш учун бир неча кун кетишини айтган». «Қўшимча маълумотлар олинмагунча ёки қўшимча таҳлиллар ўтказилмагунча, ким жавобгар бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилмаймиз», - дея хулоса қилди Пентагон раҳбари.

«Шимолий оқим»нинг иккита тармоғи ва «Шимолий оқим-2»нинг битта тармоғида сизиб чиқиш ҳолатлари 26 сентябрь куни маълум бўлди. Европа иттифоқи расмийлари қувурлар атайлаб шикастланган деб ҳисоблаяпти. Ҳодисалар Германия, Дания ва Швецияда текширилмоқда. Немис разведка идоралари бу ғаввос ёки сувости кемаси ёрдамида амалга оширилган саботаж бўлганини тахмин қилмоқда. Уларнинг фикрига кўра, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар бутунлай ишдан чиқиши мумкин.

Мавзуга оид