Жаҳон | 14:12 / 30.09.2022
3085
2 дақиқада ўқилади

Францияда пенсия ислоҳотига қарши намойишлар ўтказилди

Францияда пенсия ёшини оширишга қарши 250 мингдан ортиқ одам норозилик намойиши ўтказди, дея маълум қилди намойиш ташкилотчилари. Расмийлар пенсия ёшини 62 ёшдан 65 ёшга оширмоқчи.

Фото: Reuters

Франциянинг турли шаҳарларида 29 сентябр, пайшанба куни ўн минглаб одамлар иш ҳақини ошириш ва ҳукуматнинг пенсия ёшини ошириш режасини рад этишни талаб қилиб, кўчаларга чиқди. «Биз пенсия ёши бўйича музокаралар олиб боришни хоҳламаймиз», деди Франциянинг энг йирик касаба уюшма ташкилоти - Умумий меҳнат конфедерацияси (CGT) раҳбари Филипп Мартинес. Французлар узоқроқ ишлашни хоҳламайди, деди у. 

CGT маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 200 га яқин норозилик намойишларида 250 000 дан ортиқ одам қатнашган ва унда умуммиллий иш ташлашга чақирилган. Франция Ички ишлар вазирлиги 118 500 намойишчи ва 179 митинг ҳақидаги маълумотни эълон қилди. 

Биргина Франция пойтахти Парижда, ташкилотчиларга кўра, 40 мингга яқин намойишчи кўчаларга чиққан. Полиция уларнинг сонини 13,5 минг киши деб ҳисоблаган. Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, иш ташлашларда ўқитувчиларнинг 11 фоизга яқини қатнашган. AFP хабарида айтилишича, мамлакат ичида поездлар ҳаракати чекланган, шаҳар атрофидаги баъзи поездлар ва автобуслар одатдагидан камроқ ҳаракат қиляпти. 

Намойишларни чап лагер сиёсатчилари ҳам қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, Марселда сўл популистлардан собиқ президентликка номзод Жан-Люк Меланшон намойишда иштирок этди. 

Бир кун аввал Франция ҳукумати президент Эмманюэл Макрон томонидан бир неча бор илгари сурилган пенсия ислоҳоти масаласи бўйича маслаҳатлашувларни узайтиришга рози бўлди. Янги қонун 2023 йилнинг ёзида кучга киради. 2031 йилга бориб, 65 ёшга тўлиш учун пенсия ёшини ҳар йили босқичма-босқич ошириш муҳокама қилинмоқда. Французлар ҳозирда 62 ёшда пенсияга чиқади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид