Жаҳон | 22:55 / 01.10.2022
17621
1 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда 50 минг нафар транспорт ходимлари иш ташлаш ўтказмоқда

Буюк Британияда маошлари оширилишини талаб қилаётган транспорт ходимларининг охирги ўн йилликдаги энг йирик иш ташлаши ўтказилмоқда. 

Фото: Reuters

Буюк Британияда транспорт ходимларининг иш ташлаши оқибатида бутун мамлакат бўйича поездларнинг қарийб 90 фоизи тўхтади, деб хабар берди AFP агентлиги.

The Guardian газетаси 1 октябр куни бошланган иш ташлашни охирги ўн йилликдаги энг йирик иш ташлаш деб атади – унда темирйўл, денгиз ва бошқа турдаги транспорт соҳасида ишлайдиган 50 минг нафар ходим қатнашмоқда. 

Мамлакатда рейсларнинг 11 фоизга яқини ишлайди ва Лондондан Бирмингем, Манчестер, Эдинбург, Ливерпул, Нюкасл, Брайтон ва Норвич каби йирик шаҳарларга тўғридан тўғри поездлар бўлмайди. Алоҳида касаба уюшмаларининг иш ташлашлари 5 октябр ва 8 октябр кунлари қайта ўтказилиши кутилмоқда.

Ходимлар ойлик маошлари инфляция ўсишига мувофиқ оширилишини талаб қилишмоқда. Ҳукумат билан ўтказилган музокараларга қарамасдан, касаба уюшмалари келишувга эриша олмади, деб ёзади The Financial Times.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид