Жаҳон | 23:01 / 07.10.2022
20013
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Путин Индонезиядаги G20 саммитида иштирок этиши кутилмоқда 

Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия президенти Владимир Путиннинг Индонезияда ноябрь ойида ўтказиладиган G20 саммитида иштирок этиши кутилмоқда. 

Фото: AP

Бу ҳақда Индонезиянинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси Ҳусин Багис сўзларига таянган ҳолда The National нашри хабар берди. 

«Иккаласи ҳам рози бўлишди. Аммо Украина – Россия уруши туфайли вазият мураккаб», деди Багис. 

Агар улар ноябрь ойида саммит ўтказиладиган Бали оролига борса, икки мамлакат ўртасида уруш бошланганидан бери биринчи марта умумий тадбирда биргаликда иштирок этадилар. 

Багис сўзларига кўра, президентларни қабул қилиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. 

«Биз уларни алоҳида меҳмонхоналарга жойлаштирамиз – бири Путин учун, иккинчиси Зеленский учун», деди у кескинликнинг олдини олиш зарурлигига ишора қилиб. 

Аввалроқ, Путин саммитда Россиянинг иштирок этишини тасдиқлаган, аммо ўзининг ташрифи ҳақида аниқ маълумот бермаган эди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков G20 саммитида Россия иштирокини тасдиқлади, аммо формат ҳали аниқланмаганини айтди. 

Зеленский матбуот котиби Сергей Никифоров Украина президентининг саммитга ташрифини тасдиқламади. «Йўқ, ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинмади», — деди у. 

Ноябрь ойида Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган кўп томонлама форумда дунёнинг 20 та йирик иқтисодиёти етакчилари, шунингдек, БАА ва Украина каби таклиф этилган давлатлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. 

Унда соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва барқарор энергияга ўтиш билан бир қаторда тинчлик масаласи ҳам кун тартибида биринчи ўринда туради. 

1999 йилда ташкил этилган G20 гуруҳи ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 85 фоизи, халқаро савдонинг 75 фоизи тўғри келади. Бу мамлакатларда дунё аҳолисининг учдан икки қисми истиқомат қилади. Бу эса форумни халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг асосий платформасига айлантиради. 

Гуруҳ глобал иқтисодиёт ва молиявий барқарорлик, шунингдек, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид