09:12 / 13.10.2022
7762

Европа иттифоқи Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича миссия тузяпти

Европа иттифоқи давлатлари Украина аскарларини тайёрлаш учун Европа иттифоқи ҳарбий миссиясини (EU Military Assistance Mission (EUMAM) яратишга келишиб олдилар. Бу борадаги расмий қарор Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда 17 октябрда бўлиб ўтадиган йиғилишида қабул қилинади. 

Фото: atlanticcouncil

Германия ва Полшада камида иккита йирик миссияларни тайёрлаш марказларини яратиш режалаштирилган. Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехтнинг Брюсселда маълум қилишича, «Германия бу ишга муҳим ҳисса қўшади». 

Дипломатик манбалардан маълум бўлишича, миссиянинг дастлабки қадамларидан бири 15 минг украиналик аскарни тайёрлаш бўлади. Ҳозирда Европа иттифоқи давлатлари Украинага икки томонлама асосда ёрдам бермоқда. Хусусан, Бундесвер Украина ҳарбийларини ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ва артиллерия қурилмаларидан фойдаланишга ўргатяпти. 

Август ойида ЕИ даражасида миссия яратишни Европа иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел таклиф қилган эди. У Европа тинчлик фонди (EFF) ҳисобидан молиялаштирилади.

Яқин келажакда Украина олдиндан режалаштирилганидан ташқари қўшимча MARS II ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ) ва Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия мосламаларини олади. 

Германия Мудофаа вазирлигининг Twitter'да хабар беришича, «яқин бир неча ҳафта ичида янада кўпроқ PzH 2000 ва MARS II Украинага топширилади». 

«Ғайриоддий вақтдаги «Рамштейн формати»да учрашув: Россиянинг ракета зарбалари ва қисман сафарбарлик, псевдореферендумлар, Украинанинг қарши ҳужуми. Биз ҳозирги ёрдамимизни мувофиқлаштирмоқдамиз», — дейилади хабарда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top