Жаҳон | 07:29 / 14.10.2022
12374
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия сафарбар қилинганлардан тўп еми сифатида фойдаланяпти

Россия қўмондонлиги сафарбар қилинган руслар «камида бир неча ҳафта урушда омон қолиши»ни кутмоқда, шундан сўнг янгилари фронтга етказилади, деб ҳисоблайди Украина президенти Володимир Зеленский. 

Фото: Reuters

«Аммо бу вақт ичида россиялик генералларнинг ўз халқидан тўп еми сифатида фойдаланиши ҳимоячиларимизга қўшимча босим яратиш имконини беради. Бу сезиларли босим», деди Зеленский 13 октябр, пайшанба куни кечки мурожаатида.

Шу билан бирга, у украиналик ҳарбий хизматчиларга сабр-тоқат учун миннатдорчилик билдирди. 

«Бундай шароитда мудофаа ёрдамини ошириш кераклигини тушунган ҳамкорларимизга ҳам миннатдорман», — дея қўшимча қилди Украина президенти.

Аввалроқ Володимир Зеленский G7 давлатлари раҳбарлари олдида видео-алоқа орқали чиқиш қилиб, уларни Украинага Россия ракеталаридан ҳимояланиш учун самарали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишда ёрдам беришга чақирганди.

«Миллионлаб одамлар G7'га бундай ёрдам учун миннатдор бўлишади», дея таъкидлаб ўтди Зеленский.

Бундан ташқари, у «ҳукмронлигининг охирига етган Россия раҳбарида ҳали ҳам вазиятни янада кескинлаштириш имкони бор»лигини эслатди. Бу «барчамиз учун хавф», дея огоҳлантирди Украина президенти.

Мавзуга оид