Жаҳон | 21:41 / 17.10.2022
51628
5 дақиқада ўқилади

Краснодар ўлкасида ҳарбий самолёт қулади. Асосий маълумотлар

Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида Су-34 самолёти тўққиз қаватли уй атрофига қулади. Уйда кучли ёнғин бошланган, серияли портлашлар рўй берган. 13 киши ҳалок бўлиб, 19 киши яраланган.

Россиянинг Су-34 бомбардимончи самолёти Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли уй атрофига қулади. Бу ҳақда дастлаб «Интерфакс» шаҳар ягона навбатчи диспетчерлик хизматига таяниб хабар тарқатди. Аниқлик киритилишича, 17 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 18:20 да ўқ-дорилар билан тўлиқ жиҳозланган самолёт «Меотида» савдо маркази яқинида, Красная кўчаси 47/1 уй ҳовлисига қулаган. Ҳалокат ортидан самолёт ўқ-дорилари портлаган, олов 556 киши истиқомат қилиб келган кўп қаватли уйга ўтган.

Mash канали ҳалокатдан олдинги ҳолат акс этган видеони намойиш этди. Унда самолёт портлашдан олдин уйлар томи устида пастлаб учаётгани ва унинг бир двигатели ёна бошлаганини кўриш мумкин.

ФВВнинг сўнгги маълумотларига кўра, самолёт қулаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган. «Қутқарувчилар ишни якунлашди. Қидирув-қутқарув ишлари давомида 10 қурбон жасади аниқланди. Шу тариқа, қурбонлар сони 13 кишига етди, шундан уч нафари болалар. Фавқулодда ҳолат оқибатида 19 киши жабрланган», — дейилади ФВВ хабарида. Жабрланганларнинг икки нафари ҳомиладор аёллар. 

Ёнғин турар жойдаги камида 17 квартирага зарар етказган, бу ҳақда Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев маълум қилди. Худди шу вақтда шаҳар навбатчи-диспетчерлик хизмати олов у ёки бу даражада камида 45 квартирага зарар етказгани ҳақида маълум қилган. Хизмат маълумотига кўра, ёнғин подъездлардан бирини тўлиқ қамраб олган, бу ерда тўққизинчи қаватдан бешинчи қаватгача қулаш кузатилган. Ўлка ФВВ эса ҳалокатдан сўнг биринчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган уйлар олов ичида қолганини хабар қилган.

«Подслушано в Ейске» телеграм-канали ўз ўқувчиларига асосланган ҳолда айрим одамлар юқори қаватлардан сакрагани ҳақида ёзган. Краснодар ўлкаси вице-губернатори Анна Минькова ҳам шифокорлар қурбонларнинг уч нафари юқори қаватлардан сакраб ҳалок бўлганлар эканини хабар қилган.

ФВВ хабарига кўра, ёнғин 2 минг квадрат метр майдонни қамраб олган. Кондратьевнинг маълум қилишича, воқеа жойида «барча ҳудудий ва минтақавий ёнғин-қутқарув гарнизонлари» ишламоқда. Лекин қутқарувчилар ҳозирча оловни ўчира олишмаган.

РФ мудофаа вазирлигига кўра, Су-34 самолётида икки двигателдан бирида ёниб кетган. Вазирлик маълумотига кўра, самолёт ўқув Жанубий ҳарбий округ аэродромидан ўқув-машғулот парвози амалга ошириш учун ҳавога кўтарилиш вақтида ҳалокатга учраган. «112» канали ёзишича, учувчиларнинг иккиси ҳам катапульта қилинган ва тирик қолишган. «Катапульта бўлган учувчилар ҳисоботига кўра, ҳалокат сабаби парвоз вақтида двигателлардан бири ёниб кетиши бўлган», — дейилади вазирлик хабарида. Идора баёнотида қўшимча қилинишича, Су-34 самолёти ҳалокатга учрагач турар жойлардан бирининг ҳовлисида самолёт авиаёнилғиси аланга олган.

Ҳарбий мухбир Александр Коцнинг маълум қилишича, ҳодиса сабаби бўйича асосий версияга кўра — парвоз вақтида самолёт двигателига қушлар кириб қолган. Унинг тасдиқлашича, Су-34 бортида артиллерия снарядлари бўлган, ҳалокатдан кейин детонация рўй берган. Унинг сўзларига кўра, Ейскда 277-бомбардимончи авиаполк самолёти қулаб тушган.

Тергов қўмитаси жиноий иш очди, айнан қандай модда бўйича эканига аниқлик киритилмаган. Ишни Тергов қўмитаси Бош ҳарбий тергов бошқармаси олиб боради. Прокуратура самолёт қулаши факти бўйича текширув бошлаган.

Cамолёт қулашидан бир соат ўтиб Россия президенти Владимир Путин жабрланувчиларга барча зарур ёрдамларни кўрсатиш бўйича топшириқ берди. Президент вазирлар ва регион раҳбарларининг ҳодиса бўйича ҳисоботини тинглаган ҳамда губернатор, ФВВ раҳбари ва соғлиқни сақлаш вазирига Ейскка учишга кўрсатма берган. 17 октябр куни кечқурун Ейскда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.

«112» маълумотига кўра, кўп қаватли уйнинг 350 нафар атрофидаги яшовчиси яқин меҳмонхона ва болалар лагерига эвакуация қилинган. Губернатор уларга барча зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилган. Унинг сўзларига кўра, квартирасидан айрилганлар учун, агар уйни тиклаш имкони бўлмаса, янгиси сотиб олиб берилади. Ейскда қурбон бўлганларнинг оилаларига, ҳудудий расмийларга кўра, бир миллион рублдан, жабрланувчиларга эса 400 минг рублдан товон пули тўланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид