08:32 / 17.10.2022
12133

Украина: Оккупантлар Херсондан «давлат муассасаларини» эвакуация қилмоқда

Россиянинг Херсондаги оккупацион маъмурияти Херсон областининг босиб олинган қисмидан аннексия қилинган Қримга «давлат муассасаларини» эвакуация қилишни бошлади, дея хабар берди Украина Қуролли кучлари Бош штаби кечқурунги хулосасида. 

Фото: ukrinform

Унинг маълумотларига кўра, Херсондан асосан банклар ва пенсия жамғармаси ходимлари ва мол-мулки олиб чиқиб кетилмоқда.

Бош штаб Россия қўшинлари Бахмут ва Авдеевский йўналишларида ҳужум амалиётларини ўтказишга уринаётганини кўрсатмоқда. Кун давомида Украина позицияларига битта ракета ва ўнта ҳаво зарбаси берилди, ЯЎРТдан саккизта ракета узилди. 

Ўндан ортиқ аҳоли пунктлари, хусусан, Харкив областининг Стрелечя ва Терний, Павловка ва Новоселка - Донецк ва Правдиное ва Белогорка - Херсон области ҳудудлари россияликлар томонидан зарбаларга учради.

Украина авиацияси йигирмадан ортиқ зарба берди. Қурол-яроғ ва ҳарбий техника жамланган ўн еттита ҳудуд, шунингдек, қарши томон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг тўртта позицияси йўқ қилингани тасдиқланди, битта учувчисиз учар қурилма уриб туширилган. 

Украина Бош штабининг хулосасига кўра, ракета ва артиллерия бўлинмалари Россиянинг битта қўмондонлик пунктига зарба берган.

Бундан олдин Херсон области оккупацион «маъмурияти» раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов ўзининг Telegram-каналида Украина Қуролли кучлари «Дудчани-Берислав ҳудудига ҳужум уюштиришга уринганини» маълум қилганди. 

«Расмий» яна бир бор Украина Қуролли кучларининг аннексия қилинган ҳудудларни озод қилишга уринишлари қайтарилишини таъкидлади, аммо шундан сўнг у Херсон области аҳолисига «гуманитар ёрдам имкониятидан фойдаланиб, Россия Федерациясига дам олиш ва соғломлаштириш учун йўл олишни» маслаҳат берган яна бир постни эълон қилди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top