Жаҳон | 13:31 / 18.10.2022
13878
3 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари Украинанинг қатор ҳудудларини яна ўққа тутди

Киевда муҳим инфратузилма объектларидан бирига зарба берилди, деб хабар қилди шаҳар мэри Виталий Кличко. 

Фото: Reuters

«Киевда эрталаб яна портлашлар содир бўлди. Деснянский тумани. Муҳим инфратузилма объекти. Барча хизматлар воқеа жойига йўл оляпти. Батафсил маълумот кейинроқ», - деб ёзди у Telegram’да. 

Шаҳар Тезкор-қидирув бошқармаси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Киевнинг чап қирғоғидаги энергия таъминоти объектига учта зарба берилгани тўғрисида эълон қилди.

Украина президенти девони бир қатор ҳудудларга яна зарбалар берилгани ҳақида хабар берди. Эрталаб Россия қўшинлари Житомирга ракета ҳужуми уюштирди, деб ёзди Тезкор-қидирув бошқармаси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Telegram'да. 

«Электр таъминоти объектига иккита зарба келиб тушди. Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати ишламоқда», — деди у. 

Тимошенко, шунингдек, Днепрдаги энергетика инфратузилмаси объектига икки марта зарба берилгани, шу сабабли шаҳарнинг бир қатор туманларида электр ва сув таъминоти бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берди. 

Бундан ташқари, С-300 зенит-ракета мажмуасидан ўққа тутиш натижасида Николаев марказий туманидаги икки қаватли турар жой биноси, гул бозори ва каштанлар хиёбони вайрон бўлган, бир киши ҳаётдан кўз юмган, деб ёзди Кирилл Тимошенко.

18 октябр куни эрталаб бутун Украина бўйлаб яна ҳаво тревогаси эълон қилинди. Уни охирги бўлиб Карпаторти области эълон қилди, бундан ҳаво тревогалари харитаси далолат беради. Киевда ҳаво тревогаси соат 06:26 дан бошлаб янграмоқда.

Кеча кечқурун Запорижжяда Shahed дронлари ёрдамида ҳужум уюштирилди, деб хабар берди Запорижжяда области ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старух. Натижада инфратузилма объектида ёнғин содир бўлди, битта ракета Запорижжядаги омборга келиб тушди, деб ёзди у Telegram’да. Старухнинг сўзларига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам қурбонлар бўлмаган. 

Ўз навбатида, Харкивда беш дақиқа ичида иккита кетма-кет портлаш қайд этилган. Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Терехов хабар берди. «Дастлабки маълумотларга кўра, шаҳардаги саноат корхоналаридан бирининг ҳудуди ҳужумга учраган», — деб ёзди у Telegram’да.

Мавзуга оид