16:26 / 19.10.2022
5592

Херсон оккупацион ҳукумати Днипронинг чап қирғоғига кўчяпти

Эгаллаб олинган Херсон областининг барча «идора»лари област марказидан олиб кетилмоқда, деб маълум қилди «губернатор» Сальдо. Унинг ўринбосари Стремоусов Украина Қуролли кучларининг ҳужуми бошланганини эълон қилди. 

Фото: Reuters

Херсон областининг оккупацион ҳукумати Херсонни тарк этиб, Днипронинг чап қирғоғига кўчяпти. Бу ҳақда Россия томонидан эгаллаб олинган Украина минтақасининг «губернатори» Владимир Сальдо маълум қилди. Оккупацион куч тузилмаларининг барча органлари Днипронинг чап қирғоғига ўтмоқда, деб ёзади РИА «Новости» 19 октябр, чоршанба куни Сальдога таяниб.

Telegram-каналида Сальдо Херсон области ҳудудига тинч аҳолининг кириши тақиқлангани ҳақида ёзган. «Алоқа чизиғидаги кескин вазият ҳамда Херсон области ва Херсон шаҳри ҳудудига йирик ракета ҳамда артиллерия зарбаси бериш хавфи кучайиши муносабати билан бугун област ўнг қирғоқ қисмига 7 кунлик муддатга киришни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди», деди у. 

Шу билан бирга, РИА «Новости» Херсон областининг оккупацион ҳукумати Херсон аҳолисига Украина армияси томонидан ўққа тутилиши мумкинлиги муносабати билан шаҳарни тарк этишга чақирган СМС-хабар жўнатганини хабар қилди. «Ҳурматли фуқаролар! Украина Қуролли кучлари томонидан турар жойлар ўққа тутилади. Соат 7:00 дан автобуслар Речпортдан Чап соҳилгача йўл олади. Алоқа: 88003019999», - дея бу хабарлардан иқтибос келтирган РИА «Новости». Ўз навбатида, Херсон области «маъмурияти раҳбари ўринбосари» Кирилл Стремоусов Украина ҳужуми бошланганини эълон қилди. Украина Қуролли кучлари «Херсон областининг Новая Каменка – Берислав йўналиши бўйича ҳужумга ўтди», деб ёзди у Telegram’да.  

Бир кун олдин Херсон областининг босиб олинган ҳудуди «маъмурияти» раҳбари тўртта муниципалитет – Бериславский, Белозерский, Снигирёвский ва Александровский тинч аҳолиси Днипронинг чап қирғоғига эвакуация қилинишини билдириб, буни «уюшган кўчиш» деб атади. Сальдонинг сўзларига кўра, Украина «кенг кўламли ҳужум учун куч тўпламоқда» ва гўёки Каховская ГЭС тўғонини йўқ қилмоқчи, шу сабабли «ҳудудларни сув босиши хавфи мавжуд». 18 октябрь куни Сальдо Днипронинг ўнг қирғоғида жойлашган Херсондаги аҳоли эвакуация қилиниш ҳақида хабар бермаган.

Ўша куни Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони Сергей Суровикин ушбу лавозимга тайинланганидан бери берган биринчи интервьюсида фронтдаги вазиятни «таранг» деб атади. «Херсон шаҳрининг ўзи бўйича бизнинг кейинги режаларимиз ва ҳаракатларимиз юзага келаётган ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ бўлади. Такрор айтаман, вазият бугунги кунда жуда қийин», - деди Суровикин ва «қийин қарорлар қабул қилиши» мумкинлигини қўшимча қилди. 

Top